Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бойсунлик ҳайдовчи йигит (+видео)
14:33 / 2023-10-21

Орамиздаги одамлар

Ҳусан Каримов геология соҳасида ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Ҳар куни тоғларда юришга мўлжалланган “Патриот” деб номланган машинасида кунига 250-300 километр йўл босади. Унинг асосий вазифаси тоғлар бағридан қазилма бойликларни қазиб олувчи ишчиларга хизмат кўрсатиш, хориждан келган меҳмонларни кондаги ишлар билан таништиришдан иборат.  

– Бу йўллардан юришга унча-мунча одамнинг юраги дош бермайди, – дейди Ҳусан Каримов. – Сабаби, йўллар баланд-пастликдан иборат. Айниқса, қиш-қировли кунларда машинани туман қоплаб, умуман юриб бўлмайди. Баъзида тоғнинг тепа қисмида бузилиб қолади. Атрофда ҳеч ким йўқ, на биров овозингизни эшитади, на алоқага чиқиб бўлади. Ёрдам келишини кутамиз. Ҳаво совиб кетган пайтлари конда қолишимизга тўғри келади. Бир бурда нону илиқ сувга қаноат қиламиз. Ишимни яхши кўрганим туфайли қийинчиликлар сезилмайди.  

Ҳусаннинг доимий шуғулланадиган иши бўлсада бўш вақтларида ҳам жим ўтирмайди. Бекорчидан ҳамма безор, деган мақолга амал қилиб, устачилик билан шуғулланади. Томорқасига рўзғори учун нима керак бўлса экиб, ҳосилга киришини кутади. Ҳусаннинг энг севимли машғулотларидан бири китоб ҳамда газета мутолаа қилиш экан.  

– Менинг сўз бойлигимда зерикиш деган жумла йўқ, – дейди у. – Озгина бўш қолсам, дарров китоб ўқийман. Қанийди имкони бўлса машинамга китоб соладиган жавон ясаб олсам.  

Ҳусан Каримовнинг бир ўғил икки нафар қизли бор. У ишидан ортиб, фарзандлари билан дарс тайёрлашга ҳам вақт топади. Фарзандларга кўпроқ ким тарбия бериши керак, отами ёки она, дея берган саволимизга у шундай жавоб берди:  

– Болалар отасидан ҳам, онасидан ҳам ниманидир ўрганади. Онасидан ўрганадиган нарсани отасидан ўргана олмаслиги мумкин. Ёки аксинча. Шу боис ҳар бир бола тўлиқ оилада вояга етиши керак.  

Ҳамкасбларининг айтишича Ҳусан Каримов бирор марта ҳам йўл қоидасини бузмаган экан. Сабаби, у йўл қоидасини яхши билади ва хотиржам ҳолда машина рулини бошқаради. Ёш ҳайдовчиларга ҳам машина рулини бошқаришда асло шошмаслик кераклигини маслаҳат берди.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4M3BiYqGk1I?si=zAXsNwr4yN_fpTA_" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА