Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига фуқаро тоғли Бойсун туманидаги Олачопон массиви Деҳибола маҳалласида дарахтларнинг кесилаётганини маьлум қилган.
Ушбу маьлумотга асосан Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаатни ўрганиш учун Бойсун тумани Олачопон массиви Деҳибола маҳалласи ҳудудидаги “Н.Ҳ” фермер хўжалиги бошлиғи Н.А хабардорлигида, фермер хўжалиги иш юритувчиси Н.Клар иштирокида фермер хўжалигига бириктирилган тоғли ҳудудда ўсувчанлигини йўқотмаган 10 туп Зарафшон арчаси ва 7 туп кўк терак дарахтларини таг қисмидан кесгани аниқланди.


Мафтункор табиат зараркунандаси Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддаси талабини ўзбошимчалик билан бузиб, ўсимлик дунёсига жиддий зарар етказган. Амалдаги тартибга кўра, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда фермерга бириктирилган тоғли ҳудудда ўсимлик дунёсига 105 миллион сўмлик зарар етказилган. Табиат фидойиларининг айтишича, зарарни қоплаш қонунбузарни жавобгарликдан озод этмайди.
Эндиликда етказилган зарарни ундириш ва айбдорларга нисбатан қонун доирасида жазо кўриш учун тўпланган ҳужжатларни суд органларига ўтказиш чораси кўрилмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири