Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бойсунда юэчжелар даврига оид янги топилмалар аниқланди
08:23 / 2023-05-14

Бойсун туманидаги “Работ” ёдгорлигида Ўзбекистон – Хитой қўшма экспедицияси археолог олимлари, мутахассислар ва ёш тадқиқчилар навбатдаги илмий изланишларини бошлади.

Унда Хитойнинг Шимоли ғарбий университети Буюк ипак йўли тадқиқот маркази профессори Лианг Юнг бошчилигидаги экспедиция аъзолари, Самарқанд археология институти, Фарғона давлат университети олим ва талабалари иштирок этмоқда.

Ёдгорликда олиб борилаётган археологик қазиш ишлари чоғида юэчже даврига оид эркак ва аёл суяк қолдиқлари, турли сопол буюмлар, метал ва тош тақинчоқлар, темир пичоқлар топилди. 

Ўзбекистон – Хитой қўшма экспедицияси Шимолий Бақтрия тоғ этакларида яшаган кўчманчи аҳолига тегишли “Работ” ёдгорлигида олиб бораётган қазишма ишлари ва дала археологик қидурув жараёнида милоддан аввалги I асрнинг иккинчи ярми ва милодий II асрнинг биринчи ярмига оид қадимий қабр қўрғонларини аниқлаган. Қўшма экспедиция аъзолари ўтмишда Хитой ҳудудидан Марказий Осиёнинг ўша вақтдаги қадимги Бақтрия ҳудудига кириб келган юэчже халқлари ҳаётини ўрганмоқда. Хитойлик қадимшуносларнинг фикрича, Ғарб манбалари кушонларни юэчжеларнинг бир қисми сифатида талқин этади. Мазкур экспедиция аъзолари бу маълумотнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш учун қазишма ишларини амалга оширмоқда. Чунки, қадимги манбаларда юэчжелар хунларнинг таъсирида Хитой ҳудудини тарк этиб, Ўрта Осиёга кириб келгани ҳам қайд этилган.

Сурхондарё вилоятининг тоғли Бойсун тумани дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлиб, мустье маданиятига мансуб неандерталь одам макони бўлган Тешиктош ғори билан ҳам жаҳонга танилган. Дарбанд чегара истеҳкоми ва “Темир дарвоза” ёдгорлиги, Мачай ғори, Қўрғонзал, Узундара сингари археологик ёдгорликлари ҳам дунё қадимшуносларида катта қизиқиш ўйғотиб келади. 
“Работ” ёдгорлигида аниқланган мазкур топилмалар ҳам ўтмишни янада чуқур ўрганиш ва бой тарихимизнинг янги қирраларини очишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ҳудудда қазиш–тадқиқот ишлари давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА