Сурхондарё вилоятининг хушманзара Бойсун туманида “Лаззатли Сурхон” халқаро фестивали бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биринчи иловаси 35-банди ва Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 13 мартдаги “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш тўғрисидаги йиғилиш баёни ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда хорижлик ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳам иштирок этди.


Фестиваль эрта тонгдан “Бойсун баҳори” туризм мажмуасида Термиз шаҳри ва туманлар ажратилган павильонларда миллий таомлар намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва сувенирлар кўргазмаси, “Узум сайли”, “Олма сайли”, “Анор сайли” каби анъанавий кўргазмалар билан бошланди. Таниқли бахшилар ижросидаги терма ва достонлар, фольклор жамоаларнинг қизиқарли дастурлари, миллий этник ўйинлар ҳам байрамона тадбирга ўзгача шукуҳ улашди.
Қадимий воҳанинг гастрономик туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб этиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш, миллий пазандачилик санъатимизни дунёга кенг тарғиб қилиш ҳамда хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этишга хизмат қилган фестивалда энг моҳир пазандалар 20 дан ортиқ турдаги миллий таом тайёрлаш сирларини намойиш этди. Иштирокчилар таъми оғизда эрийдиган таомларни татиб кўриш имкониятига эга бўлди.


– Тандир гўшти қадимдан аждодларимиз тайёрлаган мазали таомлардан бири, – дейди Жарқўрғон туманилик ошпаз Акбар Исламов. – У қўй гўштидан қиздирилган тандир чўғида пиширилади. Гўштга сепилган арча ва бошқа зираворлар янада хушбуй таъм беради. Фестивалда тандир гўшт тайёрлаш билан бирга иштирокчиларга уни пишириш усулларини ҳам тушунтирдик. Лаззатли таом барчага бирдек ёққанидан хурсандмиз.
Фестивалда Шеробод анорлари, Бойсун олмалари, Олтинсойнинг узум ва винолари ҳам меҳмону мезбонларга манзур бўлди.


Тадбирда “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши ошпаз”, “Энг фаол ҳудуд” номинациялари ғолиблари ва иштирокчилар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фестиваль Тожикистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келган ҳамда маҳаллий санъаткорлар ижросидаги гала-концерт билан якунланди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири