Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бойсун хорижлик сайёҳларни мафтун этмоқда
12:56 / 2024-03-13

Сурхондарё вилоятидаги тоғлар қўйнида жойлашган сўлим Бойсуннинг таърифу тавсифини эшитган киши бу гўшани бир айланиб, томоша қилгиси, тоза, мусаффо ҳавосидан тўйиб нафас олиб, бой табиат манзараларидан баҳраманд бўлишни истайди.

Шифобахш гиёҳлари, зилол сувлари ҳам беихтиёр инсонга ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Узоқ ўтмишдан сўзлайдиган археологик ёдгорликлари дунё тамаддуни ҳақидаги билимларни бойитади.  

Германиялик бир гуруҳ сайёҳлар тоғли туман билан яқиндан танишиш учун Бойсунда бўлиб, бу ернинг гўзал табиатидан ўзгача завқу шавқ олди. Она табиат куч-қудрати билан тошлар орасидан кўкка бўй чўзаётган заранг, қайрағоч, ёввойи дўлана каби дов-дарахтларга, энди ниш ура бошлаган, ифори осмонўпар тоғни ҳам сармаст қиладиган ранг-баранг гиёҳларга, шифобахш, зилол сувларию, қадимий ноёб фольклор санъатига мафтун бўлди.  

– Бойсун қишин-ёзин сайёҳларни ўзига чорлайдиган мафтункор гўша, – дейди туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёров. – Шу йил май ойида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Унга дунёнинг кўплаб давлатларидан мухлислар келади. Ҳозир шодиёнага қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айни пайтда эса гўзал табиат ва тарихий ёдгорликлар шайдолари туманимизда меҳмон бўлиб, бой таассуротлар билан қайтмоқда. Хорижлик сайёҳлар ноёб ва нафис қадимий санъатимиз билан яқиндан танишмоқда.  

Германиядан келган сайёҳлар денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликдаги шифобахш Хўжамайхона булоғи, ҳудуддаги пурвиқор тоғ тизмалари ва бетакрор табиат манзараларини мириқиб томоша қилди.  

[gallery-16372]

– Бойсунга қизиқишим янада ошди, – дейди германиялик сайёҳ Маер Ҳелмут. – Гўзал табиат манзараларининг, осмонўпар тоғ ва зилол сувларининг мафтунига айландим. Фольклор санъати намуналарини тинглаб, завқ олдим. Бу ҳақдаги таассуротларимни дўстларим билан баҳам кўраман.  

Сайёҳларга “Бойсун” фольклор этнографик халқ ансамбли қизиқарли концерт дастурини намойиш этди.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири