“Бойсун” фестивалга боради
Кўрик-танловда вилоятда халқ ижодиётининг қадимий аньаналарини улуғлаб келаётган 11 та жамоа иштирок этди.
Навоий вилояти Нурота туманида жорий йил 30-31 май кунлари ўтказиладиган “Нурли наволар“ халқаро фольклор фестивалида иштирок этадиган фольклор-этнографик ансамбллар кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Миллий маданиятимизнинг энг ноёб, дурдона саньати кенг намойиш этиладиган фестиваль халқ ижодиётининг қадимий анъаналарини сақлаб қолиб, ривожлантириш, ёш авлодни миллий урф-одат ва қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани билан барчада катта қизиқиш ўйғотаётир.

Кўрик-танловда вилоятда халқ ижодиётининг қадимий аньаналарини улуғлаб келаётган 11 та жамоа иштирок этди. Танлов низомига асосан уларнинг маҳоратини нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якунда Бойсун туманидаги “Бойсун” фольклор-этнографик халқ ансамбли “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалининг мамлакат босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди.
Шунингдек, Шеробод туманидаги “Чечалар“, Олтинсой туманидаги “Шаршара“, Жарқўрғон туманидаги“ Жарқўрғон“, Шўрчи туманидаги “Булбулигуё“ фолкьлор-этнографик ансамбллари тегишли йўналишлар бўйича ғолиб бўлди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.