Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бойсун баҳори”да дунёдаги энг узун сўзана намойиш этилади
14:11 / 2024-05-01

Жорий йилнинг 1-7 май кунлари Бойсун туманида бўлиб ўтадиган “Бойсун баҳори” Халқаро фольклор фестивали учун ҳунарманд Нилуфар Жўраева бошчилигида юздан зиёд қўли гул чевар хотин-қиз узунлиги 31 метр, эни 5 метрдан ортиқ сўзана тикмоқда.

Бойсунлик бир гуруҳ чеварлар Термиз шаҳрида 2019 йил бўлиб ўтган биринчи Халқаро бахшичилик фестивалида узунлиги 25 метр ва эни 6 метр бўлган дунёдаги энг узун сўзанани туҳфа қилган эди. Шунингдек, 2022 йил Бойсун туманида ўтказилган “Бойсун баҳори” Халқаро фольклор фестивали учун “Бойсун Афрўзбек” оилавий корхонаси ҳунармандлари узунлиги ўттиз ва эни икки ярим метр бўлган “Оқ эн” номли ноёб гиламни тўқиб, намойиш этди. Саккиз нафар хотин-қиз саккиз ой тўқиган гиламга 60 килограмм соф туя жуни ипи ишлатилган эди.

Ўтмишдаги аждодларнинг ноёб ҳунарларини асраб-авайлаб, давом эттириб келаётган бойсунлик чеварлар қўл меҳнати эвазига тикилган сўзанани эътибор билан томоша қилсангиз, қадимий Сурхон нақшлари беихтиёр ўзига мафтун этади. Нафис жилолари ва унга туширилган "Янги Ўзбекистон" ёзуви келажакка янгича нигоҳ билан интилаётган халқимизнинг эзгу туйғуларидан сўзлаётгандек таассурот уйғотади.  

Вилоятда миллий қадрият ва урф-одатлар намойиш этиладиган йирик тадбирлар учун ўзига хос совға сифатида туҳфа қилинаётган ноёб ва нафис ҳунармандлик буюмларимиз миллий анъаналарни асраб-авайлаб, қадимий санъатни эъзозлаш, ёшларнинг моддий ва номоддий маданий меросга интилишини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Хорижлик сайёҳларнинг юртимизга қизиқишини ошириб, ўзаро ҳамкорликда миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш миллий анъаналар асосида халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири