Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали Миср нашрида...
11:42 / 2022-05-12

Шу йилнинг 7-8 май кунлари Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Паданг қишлоғи кенгликларида «Бойсун баҳори–2022» халқаро фольклор фестивали катта тантана билан ўтказилди.

Унда халқимизнинг миллий қадрият ва урф-одатлари, анъаналари, миллий ҳунармандчилиги, бахшилар ва фольклор санъати ижрочиларининг куй-қўшиқлари тараннум этилди.

2002 йилда асос солинган «Бойсун баҳори» фестивали 2004-2016 йиллар оралиғида ўтказилмай қолган эди. 2017 йилда қайта тикланган ва уч маротаба ўтказилган фестиваль коронавирус пандемияси туфайли 2020-2021 йилларда яна ўтказилмади. Жорий йилда олтинчи марта ташкил этилган халқаро фестиваль бундан буён ЮНEСКО шафелиги остида ҳар 2 йилда бир марта ўтказилиши белгиланди.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, яқинда Мисрнинг “Sada El Balad” газетаси веб-саҳифасида мазкур фестивалга бағишланган мақола чоп этилди.

Мақолада жорий йилда фестиваль халқаро мақомга эга бўлгани, унга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан фольклор жамоалари ўз бадиий маҳоратини намойиш этиш учун ташриф буюргани, фестивалда дунёнинг 30 давлатидан 150 нафарга яқин ижрочи ўз миллий либослари, қўшиқ ва фольклор анъаналарини намойиш этгани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, нашрда 2001 йилда Бойсун маданий меросининг ЮНEСКО томонидан «Инсоният оғзаки ва номоддий мероси дурдонаси» сифатида рўйхатга олингани баён этилган. «Бетакрор қадрият ва анъаналарни ўзида мужассам этган фестиваль доирасида ташкил этилган кураш, этноспорт, веломарафон, улоқ-кўпкари, варраклар беллашуви, чиллак ва бошқа халқ ўйинлари бўйича мусобақалар барча меҳмонларга завқ улашди», деб ёзади нашр.

Дарҳақиқат, юртимизда ўтган халқаро фестивалнинг хорижий нашрларда кенг ёритилиши ўзига хос миллий маданиятимизни янада кенг тарғиб қилиш ва дунё сайёҳларини жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА