Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутлик спортчилар ўтаётган йилни 118 медаль билан якунлади
16:18 / 2025-12-20

2025 йил Боёвут тумани спортчилари учун натижаларга бой, тажриба ва хулосаларга асос бўлган давр сифатида ёдда қолмоқда. Йил давомида туман спортчилари республика ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, турли спорт йўналишлари бўйича жами 118 та медални қўлга киритди. Бу кўрсаткич нафақат рақам, балки туман спорт тизимида изчил иш олиб борилаётганининг амалий самарасидир.

Эътиборли жиҳати шундаки, эришилган ютуқлар фақат битта ёки икки спорт тури ҳиссасига тўғри келмайди. Академик эшкак эшиш, велоспорт, волейбол, баскетбол, чим устида хоккей, парапауэрлифтинг, камондан ўқ отиш, ўзбек жанг санъати каби бир қатор йўналишларда барқарор натижалар қайд этилди. Бу эса Боёвутда спортни ривожлантиришда бир томонлама ёндашув эмас, балки комплекс тизим шаклланаётганини кўрсатади.

Айни пайтда тумандаги 1- ва 2-сонли спорт мактабларида 20 дан ортиқ спорт тури бўйича машғулотлар ташкил этилган. 69 нафар мураббий қарийб 3 минг нафар ўқувчи-ёш билан мунтазам иш олиб бормоқда. Бу кўрсаткичлар спорт мактаблари нафақат мусобақалар учун спортчи тайёрлаш, балки ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этишда ҳам муҳим ижтимоий вазифани бажараётганини англатади.

Шу билан бирга, йил якунлари фақат ютуқлар билан чекланиб қолмади. Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова иштирокида ўтказилган учрашувда спорт соҳасидаги мавжуд муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, айрим спорт турлари бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомларига эҳтиёж, машғулот жараёнларида илмий-методик ёндашувни кучайтириш зарурати қайд этилди.

Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, эришилган натижалар асосан мураббийлар меҳнати, ёшларнинг интилиши ва тизимли машғулотлар самарасидир. Бироқ келгуси босқичда юқори марраларни кўзлаш учун тайёргарлик сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.

Келгуси йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳам шу мантиқнинг давомидир. Спорт соҳасини янада ривожлантириш, мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш, мусобақаларда юқори натижа кўрсатишга қаратилган ихтисослашган тайёргарликни кучайтириш Боёвут спорти олдида турган асосий мақсадлар сифатида белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, 118 медаль билан якунланган йил Боёвут спортчилари учун муҳим тажриба мактаби бўлди. Бу натижалар эришилган ютуқлар билан бирга, келгусида янада юқори марраларга интилиш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Ғулом Примов, ЎзА