Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутлик шифокор бахтини меҳнатидан топди
12:28 / 2024-12-11

Орамиздаги одамлар

Асли Тожикистон Республикасидан бўлган Ҳўжаназар бобо Мирзачўлни ўзлаштиришда иштирок этиш учун Сирдарёга, Боёвут туманига кўчиб келади.  Хўжаназар бобога отаси ва бобосидан ўрганган тажриба асқатади. Оддий ишчиликдан ишни бошлаган бобо, қисқа фурсатда бўлим бригадири, бошлиғи лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтади. Шу орада у 2 қиз, 4 ўғилли бўлади. Аммо ҳаёт синовларини қарангки,   Сайдинисо момо бетоблиги сабаб олдинига туман, сўнг вилоят шифохонасида анча муддат даволанади.

–Эсимда, ўша йиллар оғир йиллар эди,– дея эслайди Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси анестезиология-реаниматология бўлими мудири, Ўзбекистон Республикаси "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ҳамда "Шуҳрат" медали соҳиби Нарзиқул Худойназаров. – Бола эдим, 3-синфда ўқирдим. Эмизикли укам бетоб бўлиб қолганди. Ҳар қанча қийин бўлса-да, укамнинг саломатлиги, унинг яшаб кетиши учун ҳаракат қилиб, ўзимиз емасак-да, уни едириб-ичириб  парвариш қилдик Ана шу ҳолат сабабли ўша вақтларда шифокор бўлишни орзу қилгандим. Худога шукрки, ниятларим ижобат бўлди.

Нарзиқул 1959 йил 13 июлда туғилган. У ўрта мактабдан сўнг 1982 йилда ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши, реаниматор шифокори йўналиши бўйича ўқишни тамомлаб, Сирдарё вилояти шифохонаси реанимация бўлимида интернатурани ўтайди. Ўша вақтлариги вилоят шифохонаси бош шифокори, анестезиолог-реаниматолог, соғлиқни сақлаш аълочиси Ботир Райимқуловга шогирд тушади. Омадни қарангки, у вақтларда реаниматолог-анестезиолог мутахассисларга ҳозиргидек талаб катта бўлган бир вақтда у устозининг маслаҳати, тавсияси асосида етук мутахассисга айланди.

–Отам, раҳматли уста миришкор деҳқонлардан эди,–дея эслайди Нарзиқул ака. –Ҳозиргидек автомашиналар қаерда дейсиз. Кўчамиздан онда-сонда ўтадиган машиналарни тўхтатиб, вилоят шифохонасига етиб келардим. Билмаганларимни устозимдан ўрганардим. Реаниматология-анестезиология бўлимида ишлаган оддий йигитга 1983 йилда Боёвут туман марказий шифохонасининг реанимация бўлимида реаниматолог-анестезиолог бўлиб, мустақил ишлаш насиб этди. Агар у йилига ўртача 400 нафардан беморга тиббий хизмат кўрсатган бўлганда ҳам ҳозиргача  16 минг 400 нафар беморнинг саломатлигини тиклаб қолишга ҳисса қўшган.

Тўғри, анестезиолог-реаниматолог иши жарроҳникидан ҳам  мураккаброқ. Оддийгина хато тузатиб бўлмайдиган ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки, бемор операцияга киришдан то операциядан чиққунга қадар, ҳатто операциядан кейинги босқичда ўзини қандай ҳис қилиши Нарзиқул Худойназаров каби анестезиолог-реаниматологлар маҳорати, тажрибасига боғлиқ.  

Бу борада ҳикоямиз қаҳрамонининг омади келган. У иштирок этган операциянинг 99 фоизи муваффақиятли ўтган.

Операция жараёнларини жарроҳлар амалга оширади. Аммо анестезиолог-реаниматолог беморнинг саломатлик кўрсаткичини ўрганиб, унга тўғри ташхис қўйолмаса, керакли чораларни кўролмаса, хар қандай маҳоратли, тажрибали жарроҳ операция ўтказмасин, у муваффақиятсизлик билан якун топиши мумкин. Бу борада Нарзиқул Худойназаровнинг омади келган. У иштирок этган жарроҳлик амалиётлари доимо яхши амалга оширилган.

–Инсон тақдири қизиқ экан,–дейди анестезиолог-реаниматолог. –Онамнинг бетоблиги сабабини кейинчалик бўлса-да топдим. Устозларим маслаҳати ила турли муассасаларда даволатдим. Тақдир экан, онам шу кунларга етиб келмади.  

Уни 1992 йилда Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация  бўлими мудири лавозимига тайинлашади. Ўйлаб кўрса, шунга ҳам 32 йилдан ошибди. Шу орада  қанча мутахассислар устозидан дуо олиб, тажрибали мутахассис бўлиб етишди. "Бундан қувонмай бўлади-ми"дейди Нарзиқул Худойназаров. Айни вақтда у кишининг шогирдлари нафақат Сирдарёда, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида хизмат қилмоқда.

Бугун шифокор нафақа ёшида бўлса-да,  аҳоли саломатлиги йўлида меҳнат қилишдан бир зум тўхтагани йўқ.  

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири