Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутлик ғаллакорлар зафар қучишди
22:08 / 2025-06-27

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида жорий йилги ғалла ўрим-йиғими самарали ташкил этилди. Давлат эҳтиёжлари учун белгиланган шартномавий режа 100,6 фоизга бажарилиб, 11 500 гектар майдондан 36 минг тонна сара дон давлат ғалла пунктларига топширилди.

Туманда ғалла етиштириш ва йиғим-терим ишлари давомида агротехник талабларга қатъий амал қилинди, иқлим шароитига мос, эртапишар ва юқори ҳосилдорликка эга бўлган навлар етиштирилди. Бу эса ҳосилдорликни оширишга хизмат қилди — айрим фермер хўжаликларида ҳар гектардан 80–90 центнергача дон олинди.

Ҳосилдорлик кўрсаткичлари ва меҳнат самарадорлиги билан ажралиб турган “Мажоз Боёвут самараси”, “Усмонов Ўткирбек”, “Агро инновация”, “Отамурод Тўраев”, “Зукко зия лочин” ва “Аҳмадий” фермер хўжаликлари туманда умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшдилар.

Туман ҳокими Дилфуза Ўролова ғалла йиғим-терими бўйича эришилган натижалар юзасидан қуйидагиларни таъкидлади:

— Боёвутлик фермер ва деҳқонлар ҳар бир гектар ерга эгалик ҳисси билан ёндашиб, замонавий агротехнологиялар, сифатли уруғлик, сув ва ўғитлардан самарали фойдаланиш орқали юқори натижаларга эришмоқда. Бугунги ютуқлар — мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг, фермерлар меҳнати ва масъулиятининг амалий самарасидир.

Жорий мавсумда ўтказилган ўрим-терим жараёнларида техника воситаларининг ўз вақтида жалб этилиши, ҳосилни талафотсиз йиғиб олиш, дон сифатини сақлаш ва тезкор логистика йўналишлари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳар бир фермер хўжалигига агроном ва техника мутахассислари бириктирилиб, жойида методик ёрдам кўрсатилди.

Боёвутлик ғаллакорларнинг мазкур ютуқлари нафақат туман иқтисодиётини, балки вилоят ва мамлакат миқёсида дон хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу самарали фаолият келгусида ҳам қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири