Сирдарё вилояти Боёвут туманининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бир гуруҳ фуқаролари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий йилда Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқарувининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига мамлакатимизнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшган юртдошларимиз, айниқса, кекса ёшдаги фахрийларни тақдирлаш бўйича номзодлар тавсия этилган эди.
Улардан бири Латофат она Камолова I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.

Латофат она уруш орти меҳнат фахрийси, 10 нафар фарзандни дунёга келтириб, уларни тарбиялаб вояга етказган. Уруш йиллари ва ундан кейин ҳам колхозда меҳнат қилган.
Шунингдек, боёвутлик номзодларнинг 3 нафари II даражали ва яна 3 нафари III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари соҳиби бўлди.
Боёвут тумани ҳокимининг ўринбосарлари уйма-уй юриб, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олди ва уларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ҳамда совға-саломлар топширди.
А.Қаюмов, ЎзА