Сирдарё вилоятининг ҳар бир маҳалласида Наврўз умумхалқ байрами ўзгача руҳда, байрамона кайфият ва янгиликларга бой тарзда нишонланмоқда.
Халқимизнинг азалий байрами арафасида Боёвут туманидаги истироҳат боғларида, маҳалла гузарларида, аҳоли хонадонларида кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди, буталди, таглари оқланди, қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ариқ ва лотоклар тозаланди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-мурувват ва эътибор кўрсатилди.
Марказий, шарқий ва ғарбий Осиё халқлари асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мус¬таҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган янгиланиш, янги кун – Наврўз байрамини қут-барака ва тўкинчилик тантанаси сифатида нишонлаб келинмоқда.
Боёвут туманининг Олмазор маҳалла фуқаролар йиғинидаги байрам ҳар йилгидек маҳалла гузарида эмас, балки 104 ёшни қаршилаган онахон, “Шуҳрат” медали соҳибаси Норжон момо Омонованинг хонадонида нишонланди. Бу ерда дошқозонга сумалак осилиб, маҳалланинг ёш-у қариси жам бўлди.
Туман ҳокими Дилфуза Ўралова ҳам ушбу байрамда ҳозир бўлиб, ёши улуғ, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга байрам совғалари улашди. Бу маҳалла аҳлига янада хуш кайфият бағишлади. Д.Ўралова олмазорликларни табриклар экан, маҳалладаги ёши улуғ кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатди.
Сумалак бошида эса юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, оилаларга аҳиллик ва иноқлик, дастурхонларга файз, деҳқончиликка барака сўраб ният қилинди.
Боёвутдаги ҳар бир маҳаллада Наврўз ана шундай шодиёналик ва ўзгача шукуҳ билан давом этмоқда.
[gallery-1704]
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов(сурат),
ЎзА