Йўлларсиз ҳаётни тасаввур этиш қийин. Улар бир манзилдан иккинчи манзилга тинч ва хавфсиз етиб боришда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, ўтган 2025 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида аҳоли учун қулай ва хавфсиз йўл инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, туман ҳудудида умумфойдаланишдаги 310 дона йўл белгиси янгиланиб, 103 километр масофада йўл ётиқ чизиқлари чизилди. Шунингдек, 3 километр йўл тўсиқлари ўрнатилиб, транспорт оқими юқори бўлган 4 та чорраҳа замонавий светофорлар билан жиҳозланди.
Жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 12 та замонавий автобус бекати ўрнатилиб, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, 8 километр масофада ички йўлларга тўлиқ асфальт-бетон қопламаси ётқизилиб, йўлларнинг ўтказувчанлиги ва сифат кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.

Йўл бўйи ҳудудларини ободонлаштириш ишлари ҳам комплекс тарзда олиб борилди. Эстетик кўринишни яхшилаш, қулай шаҳар муҳитини шакллантириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида 18 километр масофада 62 минг дона дарахт кўчатлари экилди.
– Йўлларнинг техник ҳолати автоматлаштирилган диагностика тизими орқали ўрганилиб, энг муаммоли участкаларни бартараф этиш бўйича аниқ “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Шу асосда йўллар ҳолати қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилди. Бу эса маблағ ва кучларни энг зарур нуқталарга мақсадли йўналтириш имконини бермоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Комилжон Абдалиев.
Туман ҳокимлигида туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирокида ўтказилган йиғилишда 2025 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди. Унда аҳоли учун янада қулай муҳит яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, 2026 йилда Боёвут туманида 271 дона йўл белгисини янгилаш, 163 километр йўлларда ётиқ чизиқлар чизиш, 5 километр йўл тўсиқлари ўрнатиш ҳамда 2 та чорраҳани светофорлар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Шунингдек, 20 километр масофада асфалт-бетон қопламаси ётқизиш, 8 та замонавий автобус бекатини ўрнатиш ва 60 минг дона дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган.
– Аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш йўлида йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш ишлари аниқ режа ва тизимли ёндашув асосида давом эттирилади, – дея қўшимча қилди ҳоким ўринбосари.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ишлардан нафақат туман аҳолиси, балки Боёвут ҳудудидан ўтаётган ёки турли мақсадларда келиб-кетаётган йўловчилар ҳам мамнун. Зеро, йўллар фақат манзилларни боғловчи восита эмас, балки иқтисодиётнинг муҳим қон томири ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналиш туман масъулларининг доимий эътиборида қолмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири