French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутда таълим ва табиат уйғунлиги яратилди
11:54 / 2025-10-24

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 19-умумтаълим мактаби нафақат туманда, балки вилоятда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яратилган экологик муҳити, замонавий инфратузилмаси ва таълим-тарбиядаги ютуқлари билан ажралиб туради.

Бугун бу даргоҳ нафақат ўқувчилар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам соғлом муҳит ва фидойилик намунасига айланган.

Мактаб ҳудудидаги 1,5 гектар майдон тўлиқ кўкаламзорлаштирилган. Арчанинг турли навлари, мевали дарахтлар ва турфа гуллар баравж ўсмоқда. Илгари ташландиқ бўлган бу ер ҳозирда гўё кичик ўрмонни эслатади. Тоза ҳаво, мусаффо муҳит ва соя-салқин боғ мактабда таълим олувчи болалар ҳамда маҳалла аҳолисининг севимли маскани деса ҳам бўлади.

Бу янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари мактаб директори, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Муҳаррам Ҳасанова ташаббуси билан амалга оширилган. 40 йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга устоз раҳбарликка келгач, таълим муассасасида муқобил энергия тизими жорий этилди, иссиқлик насослари ўрнатилди ва синф хоналари янгиланди.

– Биласизми, – дейди Муҳаррам Ҳасанова. – Табиатга бўлган қизиқишим туфайли уч йил муқаддам мактаб боғига ўқувчилар ёрдамида 3 минг дона аччиқ ўрик данагини экдик. Кейин таътил кунларидан бирида Фарғона вилоятининг Қува туманига бориб, тажрибали боғбонлардан парвариш сирларини ўргандим. Ширин ўрик куртакларини олиб келиб, ўқувчилар билан бирга пайвандлаш ишларини амалга оширдик. Бу нафақат биз, балки ўқувчилар учун ҳам катта ҳаётий тажриба бўлди.

– Асосийси, эккан данакларимиз кўчатга, пайванддан сўнг эса ширин мева берувчи дарахтга айланди. Ўқувчиларимизнинг хурсандчилиги чегарасиз эди. Ўриклар қийғос гуллаб, кейин мевалар ғарқ пишганда уларнинг қувончи чегара билмасди. Ўз қўлларимиз билан парваришлаб, пайванд қилган дарахтларимиздан мева узиб еган чоғларимизда қилган меҳнатларимиз самара берганига гувоҳ бўлдик.

Айни пайтда мактаб боғидаги кўчатхонада нафақат ўрик кўчатлари, балки арчанинг 20 дан ортиқ нави, шунингдек полвиния ва ясен, Япон спораси, лола дарахти кўчатлари ҳам парваришланмоқда. Бу нафақат боғ кўркамлигини таъминлайди, балки “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ва янги боғлар барпо этиш ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

19-мактабдаги бу “яшил меҳнат” нафақат таълим ва тарбияни уйғунлаштирди, балки болаларда табиатга эҳтиром, меҳр ва жавобгарлик ҳиссини ҳам кучайтирди. Бугун мактаб атрофи қуюқ боққа айланган — ҳаво мусаффо ва сўлим. Бу ер маҳаллий аҳоли учун ҳам дам олиш ва соғломлашиш масканига айланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мактаб кўчатхонасида етиштирилаётган ва “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экувчи ташкилотларга етказиб берилаётган ниҳоллар туфайли мактаб ҳисоб рақамига тушаётган маблағлар нафақат мактабнинг таъмири, жиҳоз ва ўқув қуроллари харидлари учун, балки ўқувчиларни рағбатлантиришга ҳам йўналтирилмоқда. Бу эса ўқувчиларда ўқиш ва табиатга бўлган қизиқишни янада кучайтириб, уларни фидойилик ва меҳнатга ундамоқда.

Боёвутдаги ушбу мактаб тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, агар ҳар бир ташкилот ва муассаса ўз ҳудудини шундай яшил майдонга айлантира олса, чанг-тўзон ва ҳаво ифлосланиши каби муаммолар кескин камаяди. Табиат ва таълим уйғунлиги эса инсон онгида эзгулик уруғини бардавом ўсишига хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА