Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан “Иккиламчи қора металлар” Сирдарё филиалида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Боёвут туманида ўтказилган ўқув машғулотлари “Иккиламчи қора металларни қабул қилишда номаълум ионлаштирувчи нурланиш манбааси аниқланганда корхона раҳбариятининг вилоят фуқаро муҳофазаси хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусига қаратилди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад – вилоят ҳудудида ионлаштирувчи нурланишнинг санкцияланмаган (эгасиз) манбаалари аниқланганда, радиацион хавфли объектларда авариялар содир бўлганда, назорат қилувчи органлар ва мудофаа тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш режасининг ҳаққонийлигини амалда текшириш, шахсий таркиб вазифаларини белгилаш, ҳар кандай вазиятда асосли қарорлар қабул қилиш ва самарали ҳаракат қилишга ўргатишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Режага асосан 3 та ўқув нуқтасида ташкил этилган махсус – тактик ўқув машғулотининг 1-ўқув нуқтасида филиалга кириб келган автотранспорт воситаси ва ундаги иккиламчи қора металларни радиометрик қурилма орқали текширувдан ўтказиш, металлар ичидан номаълум ионлаштирувчи нурланиш манбааси аниқланганда корхона масъул ходимларининг тегишли вилоят фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимлари хизматларига хабар бериш ишларини бажарилиши амалда кўрсатиб берилди.

Махсус-тактик ўқув машғулотининг 2-ўқув нуқтасида эса вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва санитария эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан номаълум ионлаштирувчи нурланиш манбааси топилган жойга тезкорлик билан етиб келиниб, разведка ишлари амалга оширилди.
Радиациявий ифлосланиш ўчоғини кенгайишга йўл қўймаслик ва тугатиш ишларини ўтказиш юзасидан қабул қилиш учун таклифлар ишлаб чиқилди ва манбаани зарарсизлантириш ишларини амалга ошириш ташкиллаштирилди.

Бир вақтнинг ўзида вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан хавфли зона ҳудуди ўраб олиниб, қўриқлаш ташкил этилди.
Маълум бўлган манбаанинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича тезкор - тергов тадбирлари ўтказилиб, ионлаштирувчи нурланиш манбаасини олиб чиқиб кетиш йўналиши бўйича кузатиб бориш ташкил этилди.

3-ўқув нуқтасида радиациявий ифлосланиш ўчоғидаги ишларга жалб этилган шахсий таркибни санитар ишловдан ўтказиш юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси РКБ(Б)М гуруҳи томонидан санитар пост ташкил этилиб, РИЎда ишлаган шахсий таркиб ва техникалари махсус ишловдан ўтказилди.
Ўтказилган махсус-тактик ўқув машғулотларида “Иккиламчи қора металл” Сирдарё вилояти филиали тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари ижобий – “Чекланган тайёр” деб баҳоланди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА