Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутда илк бор мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди
17:52 / 2023-03-09

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги "Зиёкор" маҳалласида яшовчи Гулнора Мавлонова 8 йилдан буён, "Боғистон" маҳалласида истиқомат қилаётган Дилнозахон Бозорова 5 йилдан буён ўт тош касаллигидан қийналар эди.

Ўтган вақт давомида кўрсатилган даво муолажалари сурункали ўт тош касаллигига фойда бермади. Касалдан фориғ бўлишнинг бирдан бир йўли жарроҳлик амалиёти эди.  8 март – Халқаро хотин-қизлар куни Боёвут тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимида Гулистон тиббиёт кластери ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислари томонидан мазкур жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бунга Германияда ишлаб чиқарилган, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам жамғармаси ҳисобидан келтирилган замонавий, энг сўнги русумдаги лапароскопия аппарати қўл келди.

Аҳамиятли томони лапароскопия аппарати ёрдамида илк бор амалга оширилган жарроҳлик амалиёти Гулистон тиббиёт кластерининг хирургия бўлими бошлиғи, олий тоифали хирург Зоҳид Эркабоев, Акмал Уралов, Ҳасан Омонқулов, анестезиолог Ином Ғаффаров ва бошқа шифокорлар ҳамкорлигида муваффақиятли бажарилди.

– Боёвутда биринчи бор ўтказилган лапароскопик амалиётнинг афзал томонлари ниҳоятда кўп, – дейди олий тоифали жарроҳ Зоҳид Эркабоев. –  У бемор танасини имкон қадар кичик ўлчамда кесган ҳолда катта ҳажмдаги жарроҳлик амалиётини кам вақт ва кам харажат билан самарали бажариш имконини беради. Бунда операция билан оғриқ минимал даражага туширилади, бемор тезроқ оёққа туради ва энг асосийси, даволашда юқори самарага эришилади. Тўғри, олдин ҳам бундай амалиётлар ўтказилган, аммо ҳозир жуда кичик ёшдаги болаларда ҳам шу турдаги амалиётлар ўтказиляпти. Энг муҳими, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги туғма нуқсонлар кам инвазив ва самарадор бўлган торокоскопик, лапароскопик усулларда, қорин ёки кўкрак қафасини очмасдан бартараф этса бўлади. Қолаверса, бемор, унинг яқинларига умид бағишлайди.

Муҳими, бу турдаги, юқори технологик, мураккаб ва каминвазив операция давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг олис ва чекка ҳудуди ҳисобланган Боёвутда илк маротаба, Гулистон тиббиёт кластерининг малакали мутахассислари иштирокида амалга оширилди. Бу келажакда бу турдаги мураккаб ва юқори технологик амалиётга йўл очди. Гулнора Мавлонова ҳамда Дилноза Бозорова сингари беморларнинг вилоят маркази ёки  пойтахтга бормай Боёвутда даволаниб, соғ-саломат ўз уйларига қайтиш имконини беради.

Шуҳрат Суяров, ЎзА