Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўмак бериш мақсадида ҳуқуқий-ижтимоий акция ташкил этилди.
Туман адлия бўлими ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг маҳаллий бўлинмаси ҳамкорлигида Анорзор маҳалласида ўтказилган тадбир “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ҳуқуқий кўмак” ва “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиорлари остида бўлиб ўтди. Унда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида уй-жой масалалари, пенсия таъминоти, ногиронликни белгилаш, иш билан таъминлаш каби аҳоли учун долзарб йўналишларда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Сайёр қабул жараёнида 150 дан ошиқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш учун тегишли чоралар белгиланди.

Шунингдек, акция Анорзор маҳалласидаги 7-сонли оилавий поликлиника биносида ўтказилди. Бу эса аҳолига тиббий кўрикдан ўтиш имкониятини ҳам яратди. Поликлиникада юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, кўз ва бошқа хасталиклар бўйича чуқурлаштирилган текширувлар ташкил этилди. Жами 85 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтди ва профилактик тавсиялар олиш имконига эга бўлди. Шифокорлар соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича маслаҳатлар ҳам беришди.

— Маҳалламизда шундай тадбир ўтказилгани биз, имконияти чекланган фуқаролар учун катта қулайлик яратди. Ҳуқуқий маслаҳатлар олдик, давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган имтиёзлар, ижтимоий кафолатлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Ўз ҳуқуқ ва имкониятларим тўғрисида анча фойдали маълумотларга эга бўлдим. Энг қувонарлиси, шу ернинг ўзида тиббий кўрикдан ҳам ўтдик. Мен ушбу тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни биз юрагимиздан ҳис қиляпмиз, — деди шу маҳаллалик Омина Жўраева.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига, хусусан, ногиронлиги бўлган фуқароларга ғамхўрлик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, жойларда ташкил этилаётган бундай тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва энг муҳими, улар давлат ва жамият эътиборида эканини ҳис қилишларига хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири