Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боёвутда 24/7 режимида хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади
11:16 / 2025-08-18

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида аҳоли ва меҳмонлар учун замонавий хизмат кўрсатиш ҳудуди барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида Соҳил ҳамда Беруний маҳаллаларидан ўтувчи Ал-Беруний кўчаси тубдан янгиланиб, кунига 24 соат, ҳафтанинг етти кунида фаолият кўрсатадиган замонавий хизмат марказига айлантирилади.

Мазкур ҳудуддаги ер майдонлари “К-савдо” электрон савдо платформаси орқали аукционга чиқарилмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун савдо дўконлари, маиший ҳамда турли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш имкониятини яратади.

– Айни вақтда мазкур лойиҳа доирасида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунига етмоқда. Аҳоли ҳамда туман марказига ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўча бўйлаб узунлиги бир километрдан зиёд пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Шунингдек, замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилиб, фуқаролар ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар жойлаштирилди, – деди туман ҳокимининг ўринбосари Комилжон Абдалиев.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ишлар якунига етгач, Ал-Беруний кўчаси нафақат туман аҳолиси, балки меҳмонлар учун ҳам замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш марказига айланади. Лойиҳа маҳаллий иқтисодиётга янги туртки бериши, тадбиркорликни ривожлантириши ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири