9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмлар, таълим муассасаларида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигига бағишлаб, “Уч авлод учрашуви” деб номланган маънавий, маърифий ва маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Мирзаобод туманидаги сафарбарлик чақируви батальонида ташкил этилган уч авлод учрашуви – Тошкент ҳарбий округи, Сирдарё вилоят прокуратураси, ички ишлар, мудофаа ишлари бошқармалари, туман ҳокимлиги, Гулистон шаҳар “Афғон уруши иштирокчилари уюшмаси” бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Уч авлод учрашуви аввалида II Жаҳон уруши ва Афғонистонда байналмилал бурчини адо этишда ҳалок бўлганларнинг хотираси ёд этилди.
Тадбирда вилоят ички ишлар қошидаги махсус тезкор топшириқлар гуруҳи хизматчилари томонидан қўл жанги усуллари, махсус тезкор топшириқлар ижроси бўйича чиқишлари, “н” ҳарбий қисим шартнома асосида хизмат қилаётган сержантлари Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни намойиш этди.
Боёвут туманидаги 13-сонли умумий таълим мактабида ташкил этилган уч авлод учрашувида ҳам фронт орти меҳнат фахрийлари, Афғонистонда байналмилал бурчини адо этган шу мактабнинг собиқ ўқувчилари, ушбу таълим муассасаси ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этди.
...1924-1930 йиллларда Мирзачўлни ўзлаштириш, қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида Россия, Украина ва Белорусь давлатларидан кўплаб оилалар кўчириб келинган. 1-Боёвут хўжалигини ташкил этиш ва қурилишида ҳам улар фаол иштирок этди.
Ўша йиллари 1-Боёвут хўжалигида дастлаб бошланғич синфлар ташкил этилиб, сўнгра 1930 йилдан рус тилида ўқитиладиган ўрта мактабга айлантирилди.
Тадбирда умумтаълим мактаби директори Х.Шаимова, шу мактабда 30 йилдан ортиқ директорлик қилган, меҳнат фахрийси А.Жуманазаров, Афғон уруши қатнашчилари, шу мактабнинг собиқ ўқувчилари С.Алимов, М.Қиличев, Э.Собиров ва бошқалар ўзларининг уруш йилларида бошидан кечирган хотиралари, ўша даврлардаги қийинчиликлар, очарчиликлар, фронтдошларининг кўз ўнгида ҳалок бўлгани хотиралари, бугунги дориломон кунлар, тинчлик қадри, мамлакатимиздаги юксак янгиланишлар хусусида гапирди.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган, шу мактабнинг собиқ ўқувчиси драматург Дилмурод Қиличев томонидан саҳналаштирилган уруш йиллари акс этган, шу мактабни тамомлаган Елена Константиновна Стемпковская ҳаётидан ҳикоя қилувчи саҳна кўриниши намойиш этилди.
...1921 йилда Белорусда таваллуд топиб, оиласи билан шу ерга кўчиб келган ва Боёвут туманидаги айнан шу мактабни тамомлаб, Тошкентдаги радио операторлиги мактабини битирган. Сўнгра II Жаҳон урушида вафот этган отаси ва акасининг ортидан, онасидан яширинча фронтга жўнаб кетган Елена Стемпковская фронтда махсус кичик гуруҳ билан тез-тез разведкага чиқиб, кўплаб немис-фашист қўшинларининг “тил”и ва жойлашувини фош этади. Еленанинг аниқ маълумотлари билан кўплаб душман қўшинлари йўқ қилинади. Разведкалардан бирида, ўзбекистонлик 21 ёшли Елена душман қўлига тушиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлади.
Елена Константиновна Стемпковская ўлимидан сўнг “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
– Урушдан сўнг ўзи таҳсил олган даргоҳга, яъни бизнинг 13-сонли мактабимизга Елена Стемпковскаянинг номи берилиб, таълим муассасаси ҳовли саҳнида унинг бюсти ўрнатилди, – дейди мактаб директори Холниса Шаимова. – Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда “Юқоридан берилган топшириқ”ни нотўғри талқин қилган маҳаллий раҳбарларимиз собиқ ўқувчимиз, уруш қаҳрамонининг Елена Стемпковскаянинг бюстини олиб ташлашимизни талаб қилди. Аммо биз бутун мактаб жамоаси ва шу хўжаликда яшовчи фуқаролар ўз фикримизни билдирдик. Бу фикримиз, Еленанинг юрти, халқи учун жонини фидо қилгани, унинг қаҳрамонлиги бугунги ёшларимизни ватанпарвалик руҳида тарбиялашимизда муҳим аҳамият касб этишини тўғри тушиниб, талабимиз қондирилди. Ўтганларни хотирлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, халқимизга хос фазилат. Мана бугунги кунда ҳам Елена Константиновна Стемпковскаянинг бюсти мактабимиз ҳовлисида турибди. Уиннг фидойилиги ҳеч қачон унутилмайди.
[gallery-2342]
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА