Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар қаторида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда депутатлар томонидан Ҳазратқулов Ниёз Намозбоевич Боёвут тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Маълумот учун, Ниёз Ҳазратқулов 1983 йилда Сирдарё туманида таваллуд топган. У тайинловга қадар Ширин шаҳри ҳокими сифатида фаолият юритиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида муайян тажриба орттирган.
Сессияда янги ҳоким олдида туманни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш каби устувор вазифалар тургани таъкидланди.
Депутатлар янги раҳбарнинг билим ва тажрибаси Боёвут туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири