Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бойликка ҳирс қўйганлар
19:32 / 2025-02-15

Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Телеграм ижтимоий тармоғида “Алишер Усманов акцияси” номли 200 дан зиёд гуруҳ очиб, фирибгарлик қилган 7 нафар шахс ушланди.

Улар фуқароларни “Акцияда 20 миллион сўм мукофотига эга бўлдингиз” каби сўзлар билан алдашиб, пул маблағларини ўзлаштирган. Маълум бўлишича, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 25 ёшли Ш.Б.  ўз хонадонида Фарғона вилоятида яшовчи 18-20 ёш орасидаги 6 нафар шахсларни жалб қилган ҳолда Телеграм орқали алдамчи эълон билан 200 дан ортиқ гуруҳ очиб фаолият юритган.  

Ушбу гуруҳларда фуқароларга ютуқ чиққанлиги ҳақида маълумотлар юбориб, уни олиш учун бадал пули талаб қилинган. Фирибгарларга юборилган онлайн пуллар бошқа шахснинг банк карталарига тушириб, ўзлаштирилган. Тадбир давомида мазкур хонадондан 4 дона компьютер, 11 дона телефон, Wifi қурилмалари ҳамда турли банк пластик карталар далилий ашё сифатида олинди.  

Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу гуруҳнинг ҳар бир аъзосига алоҳида вазифа белгиланган. Бир шахс сохта чек тайёрлаб, гуруҳларни назорат қилса, бошқаси реклама тарқатиш ва гуруҳларга одам йиғиш билан шуғулланган.  

Бундан ташқари, яна бири фуқаролар билан мулоқотга киришиш вазифасини бажарган бўлса, қолганлар кунлик пул тушумларини банкоматлар орқали нақдлаштириш билан шуғулланган.  

Ҳозирда, ҳолат юзасидан шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

А.Мусаев, ЎзА