14 декабрь – Қишлоқ хўжалик ходимлари куни
Ургут туманидаги Бойгузар қишлоғи аҳлининг қулупнай етиштириш билан шуғулланаётганига кўп бўлмади, яқин ўн йилларда бу фаолият қишлоқда оммалашди. Айни пайтда қишлоқдаги деярли барча томорқа ерларида қулупнай етиштирилади.
– Қишлоқдошларимиздан бири Тошкентга бориб ишлаб, қулупнай етиштиришни ўрганиб келгач, унга ҳавас қилиб бошқа қўни-қўшнилар ҳам бу сердаромад ишга қўл урди, – дейди Муҳайё Сувонова. – Унгача қишлоғимизда айрим ҳовлиларда одамлар ҳавас қилиб экканини ҳисобга олмасак, деярли қулупнай экилмасди. Ҳозир эса деярли барча ҳовлида қулупай парваришланади. Баҳор ойларида Самарқанд – Ургут йўлидан ўтсангиз, кўчанинг икки томонида шу неъматни сотиб ўтирган кишиларни кўрасиз, уйимиздан келиб олиб кетишади. Одамлар томорқасининг катта-кичиклигига қараб 100 миллион сўмгача даромад қиляпти. Биз ҳам ўн сотихдан ортиқ томорқамизга қулупнай ва саримсоқпиёз экканмиз. Ҳар икки йилда бу экинларни алмашлаб экамиз. Шундай йўл тутмасак, ҳосилдорлик пасайиб, еларни бегона ўт босиб кетади. Одам бир иш билан доимий шуғулланса, тажрибаси ошиб бораверар экан-да. Худога шукр, яхши даромад қиляпмиз. Катта ўғлим ҳам мактабда ишлаш билан бирга ҳовлисида деҳқончилик қилади, қўшимча даромад топяпти. Болаларим ана шу меҳнат орқали топган маблағлари ҳисобидан уй-жойларини таъмирлаб олишди, менга Умра сафарига йўлланма олиб беришди. Насиб этган экан, муқаддас жойларни зиёрат қилиб келдим.
[gallery-26636]
Муҳайё опа қулупнайни иссиқхонада етиштириш ва йил давомида ҳосил олиш мумкинлигини эшитгач, қишлоқда биринчилардан бўлиб бу тажрибага қўл урди.
– Биз, одатда, очиқ майдондан фақат баҳор пайтида ҳосил оламиз, агар иссихонада бу экинни парваришласангиз, қишда ҳам қулуппай сотишингиз мумкин экан, – дейди Муҳайё Сувонова. – Туманимиздаги Нисбот маҳалласида шундай тажрибали деҳқонлар борлигини эшитгач, ўғилларим билан бориб, уларнинг ишини ўргандик. Жуда мураккаб иш эмас экан, бир марта озроқ харажат қилиб иссиқхона қуриб олсангиз, ўша йилнинг ўзида етиштирилган ҳосил ҳисобидан сарфлаган пулингиз чиқиб, даромадга кираркансиз. Фақат навни тўғри танлаб, томчилаб суғоришни йўлга қўйиб олиш керак экан. Иситиш ҳам унчалик мураккаб эмас, иссиқхонанинг ичида эгатларнинг устидан яна бир қават плёнка ёпсангиз бўлди – белгиланган ҳароратни бераркан. Нисботлик оилаларнинг тажрибаси асосида ҳовлимизда иккита иссиқхона қуриб, бу йил илк бор шу тажрибани синаб кўряпмиз. Насиб этса, бу йил баҳорга қолмай қулупнайни савдога чиқарамиз. Иссиқхонада эгатлар четида интенсив лимон кўчатлари ҳам экдик. Ишимиз муваффақиятли бўлса, келгуси йилда катта ўғлимнинг ҳовлисида ҳам иссиқхона қуришни ният қилиб турибмиз. Томорқада меҳнат қилиб топилган пулнинг баракаси бошқача бўлади. Энг муҳими, оилангизда ҳеч ким бекорчи бўлиб қолмайди, каттаю кичикка йил бўйи иш топилади. Ҳаракат эса барака, саломатлик дегани.
Муҳайё опанинг хонадонида хориждан келтирилган 6 бош қўй, 50 дан ортиқ товуқ ҳам боқиляпти. Қишлоқда яшаб, чорвачилик билан шуғулланмасак, сут-қатиқ, тухум ўзимиздан чиқмаса, уят бўлади, дейди опа меҳнатидан завқланиб.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари