Боёвут “Бекати”дан Япониягача
Мактаб даврини ўқувчиларимизнинг нафақат баркамол вояга етиши, балки уларнингқизиқишларининг тўла-тўкис шаклланиш босқичига қиёслаш мумкин.
Мактаб даврини ўқувчиларимизнинг нафақат баркамол вояга етиши, балки уларнингқизиқишларининг тўла-тўкис шаклланиш босқичига қиёслаш мумкин.
Талантли ўқувчининг интилишини аввало мураббий англайди. Тўғри йўналиш ва тарбия берилса, кичик иқтидор соҳиби бўй чўзади, кейинчалик у, улкан интеллектуал яратувчига айланадики, натижада бутун бошли давлат ва миллат равнақига хизмат қилади.
Боёвут туманида Бекат номли қишлоқ бор. Иккинчи жаҳон урушидан кейин темир йўл бекати атрофига Ўзбекистонимизнинг турли гўшаларидан одамлар келиб яшаб қолишади ва у рамзий тарзда "Бекат", дея атала бошланди.
Кейинги йилларда 6-умумтаълим мактабидан етишиб чиқаётган бир неча иқтидор соҳиблари қишлоқ довруғини кўтара бошлади. Сардор Маматқулов, Вилоят Бозорова, Мухлиса Мирзаева сингари тасвирий санъат йўналишида изланаётган ёшлар нафақат Сирдарё вилояти, балки республика миқёсидаги анжуманларда нуфузли ўринларни қўлга киритдилар.
6-синф ўқувчиси Лочинбек Зокиров Япония ҳукумати томонидан ташкил этилган "Она замин муҳофазаси ва табиат" мавзусидаги тасвирий санъат асарлари кўргазмасида қатнашиб, 94 давлатдан қатнашган 18 минг иштирокчи ичида 48 нафар ғолиблар қаторидан ўрин олди ва Боёвутликлар номини дунёга танитди.
“Мактабимизда амалий фанлар методик бирлашмаси томонидан тасвирий санъат фанларининг ўқитилишига катта эътибор қаратилмоқда, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Каримбой Мирзаев. Сабаби, ўқув даргоҳида неча ўн йилликлар давомида тасвирий санъат фанлари изчил ўқитиш самараси ўлароқ, ўқувчиларимиз бири-бирига ҳавас қилиб рассомлик иқтидорини намоён қила олдилар.
Болалар ижодини тарғиб қилиш, уларга эътибор қаратиш мақсадида мактабимизда тасвирий санъат музейи ташкил қилганмиз. Ҳозирда Камолиддин Бекзод номидаги дизайн ва рассомлик институти талабалари Зилола Сатторова, Сарвиноз Тошева, Дилдора Примқулова, аввал рассомчилик, кейинчалик кинорежиссурада ижод қилаётган Ойбек Қаршибоев ва бир қанча собиқ ўқувчиларимиз асарлари бу ердан ўрин олган. Улар автопортрет, манзара, тарихий, ҳар хил йўналишларни қамраб олган. 2018 йилда туман миқёсида ўқувчиларимизнинг бу фандан ўзлаштириши юқори баҳоланди, ”Йилнинг энг яхши тасвирий санъат фани ўқитувчиси“ дея эътироф этилдим. Айни пайтда ўқув ишлари бўйича масъул бўлсам-да, тасвирий санъат борасидаги ташаббусларни доимо қўллаб қувватлайман”.
Бекат қишлоғидаги бу мактаб ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. Кейинги йилларда у-бу таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса-да, янги инновацин техникалар ҳали етарли эмас. Жумладан, бири-биридан иқтидорли ёш рассомларнинг 150 дан ортиқ ишлари ҳам таъмирталаб хонада жойлашган.
”Жамоамизда 58 ўқитувчи 559 ўқувчига дарс беради, — дейди мактаб директори Оллоберди Исломов. — Қишлоғимизда мактабимиз асосий маънавият ўчоғи ҳамдир. Турли маънавий тадбирлар ҳам асосан шу ерда ўтказилади. Таълим тизимидаги тезкор янгиланишлар, ”Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик “тамойилининг илгари сурилиши, ”Оила-маҳалла-мактаб-олий ўқув юрти“ концепцияси ҳали кўплаб иқтидорларни кашф этиш, ўқитувчининг обрўсини ошириш йўлидаги узвий қадамдир. Шу боис, мактабимиз 2020-2022 йиллар даврида “Замонавий мактаб” дастурига киритилиб, янги қиёфа касб этаётганидан беҳад хурсандмиз”.
Чиндан-да Бекат қишлоғининг кашф этилмаган иқтидорли ёшлари кўп. Улар ҳали илм-фан адабиёт, тасвирий санъатда ўз салоҳиятини намоён қила олади. Мен эса буюк адиб Чингиз Айтматов: ”Инсонга абадийликнинг битмас туганмас ҳаракатини ўзида мужассамлаштирган ақлий афзалликлар ато қилинган ва инсон омон қолишни истаса, тараққиётнинг чўққилари сари кўтарилишни хоҳласа, у ўзидаги ёвузлик устидан ғалаба қилмоғи зарур” деган сўзларини яна бир бор эсладим.
Ўлжабой ҚАРШИБОЕВ