Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боткенда халқаро қўшиқ фестивали ўтказилди
10:27 / 2025-06-01

Қирғиз Республикасининг Боткен шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараолди ҳудудлари маданият ва санъат усталари иштирокида “Ыр майрамы” (Қўшиқ байрами) халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси ҳам иштирок этди.

Шаҳарнинг марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган тадбирда дастлаб уч халқнинг ҳамжиҳатлигини ифода этувчи саҳналаштирилган кўриниш намойиш этилди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғиз Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Айбек Шаменов, Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси ўринбосари Зайнура Оқилзода азалдан тинч-тотув, аҳил ва иноқ ҳаёт кечириб келаётган уч халқнинг ўзаро тарихи, маданий ва диний қадриятлари муштарак эканини алоҳида таъкидлади. Айниқса, сўнгги йилларда давлатлар ўртасидаги яқин қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамлангани, бу жараёнда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, очиқ ва прагматик сиёсати ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Фестивалда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини, чегаралар очилиши халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида бўлиб  ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокидаги уч томонлама учрашув, унда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзолангани ҳамда Қўшма декларация қабул қилингани халқларимиз кўп йиллардан буён кутган муҳим воқелик бўлгани эътироф этилди.

–Тантанали равишда очилган Дўстлик стелласи қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янги рамзига айланди, – деди вилоят ҳокими.

Шунингдек, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фестивалда иштирок этаётган уч халқнинг санъат усталарига миннатдорлик билдириб, санъат ва дўстлик байрами билан йиғилганларни табриклади.

Фестиваль доирасида ўзбек, қирғиз ва тожик санъаткорлари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Унда халқларимизнинг ўзига хос санъат дурдоналари ва бой маданий мероси ёрқин бўй кўрсатди. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров раҳбарлигидаги “Ялла” гуруҳи,  Севинч Мўминова каби ўзбекистонлик машҳур санъат усталарининг чиқишлари фестиваль иштирокчилари томонидан олқишлар билан қарши олинди.  

Тадбир давомида халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги яна бир бор намоён бўлди. Тинчлик, дўстлик яна бир бор улуғланди.

Осмон узра отилган мушаклар барча фестиваль иштирокчилари ва йиғилганларга ўзгача қувонч ва хушкайфият улашди.  

М.Сулаймонов, ЎзА