Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилиги танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирга мусиқа санъати ихлосмандлари, санъатшунослар, устоз хонандалар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатимизда устоз санъаткорлар хотирасини ардоқлаш, уларнинг ижод мактабини ёшлар ўрганиши учун зарур барча шароитларни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Маълумки, ўзбек эстрада санъатининг ривожи Ботир Зокиров ижоди билан боғлиқдир. Агар устоз санъаткор ҳаёт бўлганларида 86 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. Унинг ижросидаги қўшиқлар халқнинг қалбидан чуқур жой олган, қачон янграмасин, кишига ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ бағишлайди.
Ботир Зокиров 1956 йил “Ёшлик” ёшлар ансамблини ташкил этиб, катта шуҳрат қозонган эди. У куйлаган опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, хориж шлягерлари ўз даврида дунё бўйлаб тарқалди. Хонанданинг репертуаридан миллий қўшиқлар билан бир қаторда итальян, француз, испан, рус, грек тилидаги қўшиқлар ҳам жой олган. Ботир Зокиров тасвирий санъат ва режиссура каби йўналишларда ҳам иқтидорли бўлган.
Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги қарорида “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу қарорда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан миллий эстрада санъатининг асосчиларидан бири, буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб “Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари танлови” республика кўрик-танлови эълон қилинди.
Ушбу кўрик-танловнинг туман-шаҳар босқичларида жами 2 минг нафардан зиёд истеъдодли ёшлар иштирок этган бўлса, танловнинг ҳудудий саралаш босқичларида 420 нафар иқтидорли ва ижодкор ёшлар саралаб олинди.
Кўрик-танловнинг якуний саралаш босқичига нуфузли ҳакамлар-ҳайъати томонидан саралаб олинган 45 нафар энг иқтидорли ёшлар “Туркистон” санъат саройида ўзларининг санъатларини намойиш этди.
Мазкур кўрик-танловнинг ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб деб топилганлар эса Маданият вазирлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
– Раҳматли Ботир ака жуда талабчан инсон эдилар, – деди Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Фаррух Зокиров. – Уларга маъқул келадиган қўшиқни яратишни жуда орзу қилардим. 70-йилларда ўз йўлимни топгандек бўлдим. Нокамтарлик бўлмасину, 1974 йилда Ботир Зокиров “Фалон қўшиғинг яхши чиқибди, айтсам, майлими?” деб сўрадилар. Мен эса... “Майли, Ботир ака, яна ўйлаб кўраман, дедим... Бу “Мажнунтол” қўшиғи эди. Қўшиқ ҳозиргача мухлислар томонидан жуда севиб тингланиши одамни ҳаяжонга солади. Ушбу танлов қўшиқ байрами сифатида ўтказилди. Бундай танловларнинг давом этиши жуда муҳим. Кўплар эстрадани енгил санъат, дейишади. Лекин у жуда жиддий санъат аслида. Танловнинг аудиторияси жуда кенг бўлди. Биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар бўлди. Нима учун Гран-при бўлмади, деган саволлар ҳам юзага келди. Чунки танловнинг талаби жуда юқори эди. Бу ерда таниш-билишчиликка йўқ қўйилмади. Танловнинг талаби жуда юқори бўлди. Бугун Ботир ака бошлаган ижод йўллари давом этмоқда. Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилди. Ёшларга устоз санъаткоримизнинг наинки қўшиқлари, балки ҳаёт йўли, фаолиятини ҳам пухта ўрганишни тавсия этган бўлардим.
Танлов натижасига кўра, “Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари" республика танловида 1-ўринга Қайтмасбек Аҳмедов (диплом ва 30 000 000), 2-ўринга Севара Тўланова (диплом ва 21 000 000 сўм), 3-ўринга Жасурбек Ғайбуллаев (диплом ва 15 000 000 сўм) муносиб деб топилди.
– Танлов давомида шуни тушуниб етдимки, ўз устимда ҳали кўп ишлашим керак экан, – деди Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти талабаси Қайтмасбек Аҳмедов. – Имкон қадар устоз санъаткорнинг репертуарларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. Лекин қўшиқчи доим ўз устида изланиши зарурлигини яна бир марта англаб етдим.
Тантанали тадбирда ижодий танлов ғолиблари тақдирланди. Улар ижросидаги мусиқий дастур намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири