Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишди. Ҳар бир йўлак ва хонага кириб, уларни пардозлаш ва жиҳозлашга оид лойиҳаларни кўрди.
Қурилиш вазири Ботир Зокиров ЎзА мухбирига қурилишнинг бориши, Президент томонидан билдирилган тавсиялар ҳақида сўзлаб берди.
– Ислом цивилизацияси маркази – маҳобати ва моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа. Унинг ҳар бир хонаси, ҳар бир бўлими буюк аждодларимиз ўтмишидан, бебаҳо илмий меросидан сўзлаши керак. Юртимиз ислом оламида қандай нуфузга эга бўлса, бино ички ва ташки кўриниши, маъно-мазмуни билан шу буюкликни ўзида намоён эта олиши керак.
Президент аввалги ташрифлари чоғида бинонинг ички ва ташқи кўриниши, ранглари, нақшларига миллий анъаналар асосида, илмий ёндашиш юзасидан тавсиялар берган эди. Шунга кўра, бир ярим йил давомида тадқиқот олиб борилди, хорижий давлатлар, жумладан, Эронга бориб, уларнинг тажрибасини ўрганиб келдик. Фасадга ишлатиладиган қурилиш керамикаси лабораториядан ўтказилиб, ранглар танланди.
[gallery-963]
Ислом цивилизацияси маркази бўлгани учун бу ерда янглишишга ҳаққимиз йўқ. Шу боис фасад кўриниши ва нақшларни макет кўринишида, натурал ўлчамларда тақдимот қилдик.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир лойиҳани синчиклаб кўрди. Бинонинг ички ва ташқи безаги, Усмон Қуръони турадиган лавҳ, унинг атрофига қуриладиган ойнаванд айвон, гумбаз, пештоқлар бўйича алоҳида-алоҳида тавсиялар берди.
Бинонинг биринчи қаватида тўртта зал, иккинчи қаватда Ислом цивилизацияси маркази маъмурияти, Халқаро ислом академияси кафедралари, манбашунослар хоналари, кутубхона жойлашади. Биз биринчи қаватдаги заллар лойиҳасини франциялик лойиҳачилар билан ишлаб якунига етказдик. Кейинги босқичда уларнинг дизайни асосида музей экспозициясининг “Илм-фан” бўлимини намунавий ҳудуд сифатида намойиш этамиз.
ЎзА