Президентимиз топшириғига кўра, Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси ва унинг тасарруфидаги корхоналар томонидан вилоят ҳудудидан ўтувчи темир йўл тармоғи бўйлаб савдо ва хизмат шохобчаларини ташкил этиш, шунингдек, йўл атрофини ободонлаштириш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов секторлар раҳбарлари ва бошқа тегишли масъуллар ҳамроҳлигида юқорида белгиланган вазифалар ижроси қай даражада бажарилаётганлигини ўрганди.
Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси масъулларининг маълумотига кўра, айни вақтга қадар темир йўл тармоғи бўйлаб 50 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Ҳозирда ҳам жараён давом этмоқда.
– 50 мингта эмас, 5 миллионта кўчат ўтқазамиз, – деди вилоят раҳбари. – Баҳор кунларининг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Ундан унумли фойдаланишимиз керак. Темир йўл ёқаларининг бир қарич жойи ҳам бўш қолмаслиги зарур. Бунинг учун зах ва шўрга чидамли дарахт кўчатларини ўтқазиш лозим. Бу масаланинг бир томони. Иккинчидан, суғориш тизимини яхши йўлга қўйиш керак. Ҳар бир дарахтни гуллаб-яшнаб кетиши учун шароит яратилсагина, дарахт ва гул экиш, ободонлаштириш ишларида кўзлаган мақсадга эриша оламиз.
Ўрганишлар жараёнида темир йўл ёқасидаги майдонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун аввало, зарур ишчи кучини яратиш бўйича вазифалар белгиланди. Шунингдек, Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар мелиорация объектларида ҳам бўлди. Сув хўжалиги объектлари атрофлари, ирригация ва мелиорация тармоқлари бўйларига дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш ишларини жадаллаштириш, “Яшил қопламали” ҳудудларни кенгайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА