Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов Шофиркон туманида янгидан барпо этилаётган 260 ўринли шифохона қурилиши билан танишди.
Замонавий лойиҳа асосида қурилаётган 5 қаватли шифохона пудрат корхонаси — “Хўжа Ғуломте” масъулияти чекланган жамияти бинокорлари томонидан бунёд этилмоқда.
Туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов ҳамда қурилиш-пудрат корхонаси раҳбари Улуғбек Каримовлар вилоят ҳокимига қиймати 40 миллиард 98 миллион сўмга молиялаштирилган кўп тармоқли замонавий шифо масканида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ботир Зарипов объектда белгиланган ишлар суст олиб борилаётганини таъкидладлаб, 2021 йил 1 сентябрь – Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигида туман аҳолисига туҳфа этиш зарурлигини уқтирди. Шу ернинг ўзида вилоят ҳокими масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Шофиркон деҳқон бозори” ҳамда “Шофиркон савдо комплекси”ни қайта таъмирлаш, бу ерда режалаштирилган бунёдкорлик ишлари, шу қаторда “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғинида 10 гектар ер майдонида барпо қилиниши мўлжалланган “Ёшлар кичик саноат зонаси” лойиҳасини кўздан кечирди.
Янги йил олдидан аҳолига яратилган қулайлик, хусусан, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан қизиққан вилоят ҳокими Б.Зарипов туман мутасаддилари ҳамроҳлигида “Шофиркон деҳқон бозори” МЧЖ да бўлди. Туманда яратилган маҳсулот захираси, нарх-наво, қолаверса, аҳолига кўрсатилаётган савдо хизмати билан танишди. Бу ерда истеъмолчиларга тақдим этилаётган маҳсулотлар турлари, сифати, нархи бўйича сотувчилар билан суҳбатлашилди.
Туманда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишда муаммолар йиғилиб қолаётгани, мазкур инфратузилмани такомиллаштириш талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда замонавий лойиҳа асосида автобекат барпо қилиш масаласи ҳам вилоят ҳокимининг эътиборидан четда қолмади. Ўз ўрнида вилоят раҳбарига автобекат учун мўлжалланган ҳудудлар таништирилди. Мутасаддиларга керакли тавсия ва топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов шофирконлик Неъмат Нуровнинг хонадонида бўлди. Оила аъзоларининг бугунги кайфияти, меҳнат қобилияти, қолаверса, рўзғор кам-кўстини бутлаш мақсадида иссиқхонадан фойдаланишнинг аҳволи билан қизиқди. Иккинчи гуруҳ ногирони — имконияти чекланган бўлишига қарамай, оила соҳиби Неъмат Нуровнинг аёли Муҳаббат Восиева ҳамда фарзандлари кўмагида ҳалол меҳнат ортидан даромад олишга бўлган интилиши, меҳнатсеварлиги баробарида руҳан дадил ва бардамлиги, унга яратиб берилган имкониятдан унумли фойдаланаётгани юқори баҳоланди.
Иссиқхонада айни пайтда редиска ва турли кўкатлар етиштириш учун тупроқ тайёр ҳолга келтирилган. Янги йилнинг дастлабки ойларидан бу хонадонга помидор кўчатлари бепул етказиб берилади. Фуқарога иссиқхонада ҳароратни меъёрида сақлаш учун кондиционер ёхуд кўмир билан иситиладиган кичик қозон ўрнатиш таклифи билдирилди. Бу масалада туман раҳбари томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши айтилди. Неъмат Нуров ҳамда хонадон бекаси Муҳаббат Восиевалар кўрсатилаётган эътибор ва ишонч учун миннатдорлик билдирди
Зариф Комилов, ЎзА