Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Олот туманидаги «Опшоқ» МФЙда бўлиб, ҳудуд инфратузилмаси, аҳоли турмуш даражаси, ижтимоий-маънавий муҳит билан боғлиқ масалалар, ижтимоий соҳа объектлари ҳолати билан яқиндан танишди.
Ҳудудда «Опшоқ 1», «Опшоқ 2» ва «Қуйи Гулистон» аҳоли пунктларида 732 та оилада 2 минг 854 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг қарийб 1 минг 500 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Аҳолининг асосий тирикчилик манбаи тадбиркорлик, чорвачилик ва ҳунармандчилик ҳисобланади.
Вилоят раҳбари маҳаллада кўп йиллардан бери қаровсиз қолдирилган ва ҳозирда «Парвоз Хумо равнақ транс» МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери оталиғида реконструкция қилинаётган мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Икки қаватли мазкур бино қайта таъмирлангач, 100 нафар ўғил-қиз учун замонавий таълим-тарбия масканига айланади.
Ботир Зарипов муассасада кечаётган сўнгги пардозлаш ишларини тез муддатда якунлаш ва масканни фойдаланишга топшириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Ҳудуддаги 14-умумтаълим мактаби 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида таъмирланиши муносабати билан реконструкция қилинган. Муассаса қиёфаси бир қарашда кишида яхши таассурот қолдиради. Бироқ унга яқинлашган сари бу таассурот алдамчи эканлигига гувоҳ бўласиз. Мактаб ҳудудидаги панжаралар ўта дидсизлик билан ўрнатилганлиги, кўклам нафаси уфуриб, табиат уйғонаётган бир пайтда мактаб раҳбарияти ғафлатда қолаётганлиги, теварак-атрофни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига умуман эътибор қаратилмаганлиги мутасадди раҳбарлар томонидан танқид қилинди.
Вилоят раҳбари ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Фуқароларнинг вилоят раҳбари олдига қўйган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар «Шайхлар» МФЙда бўлди. Маҳаллада олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини кескин танқид қилди. Маҳаллага масъул сектор раҳбари ва бошқа корхона-ташкилотлар раҳбарларини мазкур масалага жиддий эътибор қаратишга чақирди. «Ҳунарманд» кўчасидаги битта хонадон мисолида ишларнинг ўзибўларчиликка ташлаб қўйилганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Ботир Зарипов шу кўчада яшаб, кўп йиллардан бери асалари қутилари ясаш ва сотиш билан шуғулланиб келаётган Сайилхон Шаропов билан суҳбатлашди.
Унинг хонадони мисолида маҳаллада ҳунармандчиликни ривожлантириш чораларини кўриш, асаларичилик тармоғини кенгайтириш орқали оилаларнинг моддий манфаатдорлиги ва фаровонлигини ошириш кераклигини таъкидлади.
Сўнгра ўрганишлар «Баёт», «Сайинқоровул», «Хидрейли» МФЙда давом этди.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари, секторлар, тегишли вилоят, туман корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, МФЙ раислари иштирокида ўтказилган штаб йиғилишида кун давомида ҳудудларда олиб борилган ишлар кенг муҳокама қилинди. Масъулларнинг бу борада ҳисоботлари эшитилди. Эртанги вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА