Бугун, Бухоро вилоятининг 536 та умумтаълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда ташкиллаштирилди.
Вилоятда 24 минг 625 нафар ўқувчи мактабни битирмоқда.
Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилди. Унда шаҳардаги секторлар раҳбарлари ва ота-оналар қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари битирувчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Бу йил ушбу масканни 185 нафар ўғил-қиз тамомлади. Битирувчиларни давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, улардан янада самарали фойдаланишга чақирди. Уларга оқ йўл тилади.
Тадбирда битирувчилар таълим-тарбия берган устозлари ишончини оқлашга ваъда берди.
Ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларни рақсга чорлади. Мактаб узра янграган “Сўнгги қўнғироқ” дилларга завқ улашди.
Зариф Комилов, ЎзА