Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботир Зарипов: Фуқаролар мурожаатларига лоқайд қараётган раҳбар фаолиятига нисбатан қонуний муносабат билдирилади
10:09 / 2021-02-20

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг халқ билан навбатдаги очиқ мулоқоти вилоят ҳокимлигида ташкил қилинди. Унда ҳокимлик мутасаддилари, ҳудуд секторлари, ташкилот, идора ва бошқармалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Қабулга келган 289 та мурожаат эгаси ўз муаммоси билан бевосита вилоят ҳокимига юзланди.

Вилоят ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли ташкилот, идора ва бошқармалар бошлиқлари ҳам қабулга келган фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилишди.

— Қарийб йигирма йилдан буён бир оёғим мажруҳлигидан азият чекаман, – дейди Бухоро шаҳар “Садриддин Айний” МФЙ да яшовчи фуқаро Анвар Ачилов. — Операцияга 50 миллион сўм маблағ керак экан, ўзимизда очилган “XIMCHAN HOSPITAL” Корея Республикасининг клиникасида эса бундай операцияни 50 фоизли чегирма асосида амалга ошириш мумкин дейишяпти. Шу масалада менга амалий ёрдам берсангиз.

Фуқаролар асосан вилоят раҳбарига йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, тижорат банкларидан кредит олишда кўмаклашиш, ишга жойлашиш каби муаммоларда мурожаат қилишди. Жойида ҳал этиш имкони бўлган мурожаатлар юзасидан талаблар қаноатлантирилди.

Қабулда Бухоро туманида яшовчи Умида Шарипова ҳамда унинг қўшнилари 39 киши норозилигини билдиришди. Маълум бўлишича, бир неча ойдан буён амалий ёрдам кутаётган иш юзасидан вилоят ҳокими қабулига киришибди. Ҳудуддаги захкашни кўмиб, унинг устида қурилишни бошлаган тадбиркорнинг ҳатти-ҳаракати сабабли қирққа яқин оиланинг ҳақ-ҳуқуқи бузилган. Уларнинг турар жойларига зах чиққан.

Қабулга Жондор тумани “Пўлоти” МФЙ дан келган Муҳайё Бозорова ҳам қизи Умидани ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўради.

-Қизим ўрта махсус маълумотли, -дейди Муҳайё Бозорова. Ҳудудимиздаги “Фазогир” мактабгача таълим ташкилотида амалиётни ўтади. Бироқ шунга қарамасдан, икки йил ўтибди ҳамки, у билан меҳнат шартномаси тузилмаган.

Пўлотилик Муҳайё Бозорованинг мурожаати жойида қаноатлантирилди. Унинг қизи энди мактабгача таълим ташкилотида ишлашни бошлайди.

Вилоят раҳбари томонидан атрофлича ўрганишни тақозо этадиган долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан ечимини топиш ваколатига эга бўлган корхона, ташкилот, муассасаларга муддат белгиланиб, тегишли органлар томонидан назоратга олинган ҳолда топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан нисбатан кўп мурожаат қайд қилинаётган ҳудудлар, айниқса, Ғиждувон, Жондор, Шофиркон, Бухоро туманлари, қолаверса, Бухоро шаҳридаги муаммоларни давлат сиёсати талаби даражасида, аввало маҳаллабай, ундан кейин секторлар миқёсида, худди шундай, туман ҳокимлари иштирокида жойига бориб ўрганиш ва ҳал қилиш зарурлигини уқтирилди. Фуқаролар мурожаатларига лоқайд ва эътиборсиз, панжа орасидан қараётган ҳар бир раҳбар фаолиятига нисбатан қонуний муносабат билдирилиши таъкидланди.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов(сурат), ЎзА