Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботир Зарипов: “Бухорода барча ўсиш кўрсаткичлари 30 фоизга оширилади”
18:33 / 2021-04-15

Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими, кенгаш раиси Ботир Зарипов ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича биринчи ярим йилликда амалга ошириладиган ишлар бўйича маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда тадбиркорларга мурожаат қилди.

Мурожаатда айнан давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш, пандемия даврида қийинчиликларга учраган тадбиркорларга берилган имтиёзлар ва уларнинг аҳамияти, пандемиядан сўнг тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, вилоятда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатида 38 минг 122 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 21 минг 729 таси кичик бизнес субъекти ва 16 минг 393 таси якка тартибдаги тадбиркорлар. Эътиборлиси, уларнинг 23 минг 351 таси сўнгги 3 йилда ташкил этилган. Биргина шу йилнинг дастлабки чорагида 3 минг 680 та янги субъект ташкил этилган. Жойларда ўнлаб иш ўринлари яратилгани одамлар турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Минг афсуски, бугунги кунда 7 минг 774 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмаяпти. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатган ҳолда уларнинг фаолиятини тиклаш чоралари кўрилади. Иккинчи чоракда яна 4 минг 615 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш режалаштирилган.

[gallery-2049]

Бугун давлат органлари ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, халқнинг турли соҳалар, айниқса, тадбиркорликка оид муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш мақсадида доимий тарзда ишлаб келмоқда. Бухоро вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатида Президентимиз томонидан селектор йиғилишида берилган топшириқлардан, танқидлардан хулоса чиқарган ҳолда ҳудуднинг барча ўсиш кўрсаткичларини 30 фоизга ошириш мақсад қилинганини, бу борада аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятини ташкил этишини билдирди.

Сессияда маҳаллий кенгаш депутатлари мурожаат юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Тадбиркорлик субъектлари юртимиз фаровонлиги йўлида янада фаол бўлиши, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш имкониятларини ошириши, иш ўринлари яратиши зарурлиги таъкидланди.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА