French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботир Зарипов беморлар ҳолидан хабар олди
18:43 / 2021-05-17

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали 90 қатновга мўлжалланган. 143 стационар шифо ўрни мавжуд. Марказда ёрдамчи бўлимлардан клиник лаборатория, патоморфология, функционал диагностика (ФГДС, колоноскопия, бронхоскопия, УТТ, ЭКГ) нурли диагностика, рентген-радиология, ички дорихона бўлими ва зарарсизлантириш хоналари фаолият юритмоқда.

Марказ филиалида олдин бажарилмаган диагностик торакоскопия, простата бези ўсмаларини трепан биопсияси, контрастли МСКТ ангиография текширув усуллари йўлга қўйилган. Аввал амалиётда қўлланилмаган вилоят даражасидаги 17 турдаги, республика даражасидаги 8 турдаги мураккаб оператив даво усуллари бажарилмоқда. Натижада охирги 3 йилда бажарилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони 600 тага яқинлашган.

Филиалда 2018 йилда 18 ўринга мўлжалланган нейроонкология ва реконструктив хирургия бўлими ташкил қилинган. Ушбу йўналишдаги бўлим республикамиздаги бошқа онкология марказларида йўқ. Нейроонкология ва реконструктив-пластик микрохирургия бўлимида бош мия ва орқа мия ўсмалари билан касалланган 300 дан ортиқ беморларга хизмат кўрсатилди. Йўлга қўйилган жарроҳлик амалиётлари натижасида хирургик бўлимларда оператив фаоллик 20 фоиздан 46 фоизга ошди. Хавфли ўсмалар бўйича умумий операциялар сони 2016 йилда 804 тани ташкил қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 1 минг 233 тага етди.

Давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириққа асосан жорий йил барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари 13 та стационар ва 2 та кўчма замонавий маммограф аппаратлари билан таъминланди. Маммограф аппаратлари тест режимида иш фаолиятини бошлади. Айни вақтга қадар 1 минг 835 нафар аёллар скрининг текширувидан ўтди. Шундан 105 нафарида рак олди касаллиги, 18 нафарида кўкрак сут бези хавфли ўсмаси касаллиги аниқланди. Натижада аниқланган касаллик бўйича барчаси назоратга олинди. Йил якунига қадар 50 мингга яқин аёл скрининг текширувидан ўтиши режалаштирилган.

Вилоят ҳокими шифохонада даволанаётган беморлар билан суҳбатлашди. Совға-саломлар улашилди. Муассаса шифокорлари билан мулоқотда кўрсаткичларни камайтириш мақсадида беморларга янада қулай шароитлар яратилишини таъкидлади.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида эса 20 ўринли болалар онкогематология бўлими жойлашган. Бугунги кунда мазкур бўлимда йилига 1000 дан ортиқ бемор болалар 10 турдаги онкогематологик касалликлар нозологияси билан даволаниб чиқмоқда. Бўлим Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази (РИГИАТМ) ва вилоятдаги барча туман тиббиёт бирлашмалари врач гематологлари билан узвий боғлиқликда фаолият юритади.

Марказ онкогематология бўлимида мурожаат қилувчи бемор болаларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида навбатсиз қабул қилиниб, барча текширувлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Ботир Зарипов мазкур бўлимда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналарига давлатимиз раҳбари номидан совғалар топширди.

Зариф Комилов, ЎзА