Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботир Зарипов “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди
17:07 / 2023-04-14

Бухоро шаҳрида ёнғин-қутқарув спорти бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биринчилиги мусобақаларининг тантанали очилиш маросими ва белгиланган турлар бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят секторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, вазирлик таркибига кирувчи тузилмалардан ташкил топган жамоалар қатнашди.  

Тантанали тадбирда сўз олганлар мамлакатимизнинг иқтисодий бойликлари ва халқимиз мол-мулкини фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғин балосидан асраб келувчи халоскорлар ўртасида ўтказиб келинаётган ёнғин-қутқарув спорти мусобақалари йилдан йилга ўзгача нуфузга эга бўлаётганини таъкидлади.  

Тантанада вилоят ҳокими Ботир Зариповга мазкур мусобақани юқори савияда ташкил этишдаги жонбозлиги ва яқин ҳамкорлиги учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони топширилди.  

Шундан сўнг мусобақаларга старт берилди. Хусусан, жамоалар ишғол қилиш нарвони билан ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш, 4х100 метрга югуриш эстафетаси бўйича беллашувларда қатнашди.  

Жамоавий тарзда ўтказилган ишғол қилиш нарвони билан ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш йўналишида якуний натижаларга кўра Қашқадарё вилояти жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Бухоро вилояти  вакиллари иккинчи, Тошкент вилояти жамоаси фахрли учинчи ўринни банд қилди.  4х100 метрга югуриш эстафетаси баҳсларида Бухоро вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент ва Навоий вилояти ёнғин-қутқарувчиларига насиб этди.  

Ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.  

Мусобақалар 15 апрелгача давом этади.  

Зариф Комилов, ЎзА