Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилади
16:50 / 2025-01-31

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиши, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудларни қисқартириш, уларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланиши, ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

Қонун билан ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилиши кўзда тутилмоқда.  

Қонуннинг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер фондининг барча тоифаларидаги ер участкаларини бозор ва кадастр баҳолаш сифатини яхшилаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ошириш ва соҳада назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

Мажлисда “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.  

Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш, бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавосига тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачалари ҳавога кўтарилишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга хизмат қилади.  

Мажлисда Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни  жалб қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.  

Унда соҳада эришилган ижобий натижалар ҳамда айрим ўз ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратилди. Жумладан, айрим ҳудудларда қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ҳўл мева ва сабзавотларнинг асосий қисми экспорт қилинадиган айрим хорижий бозорларда сақлаш омборлари, кросс докинглар, савдо расталари етишмайди.  

Ўтган йили маҳсулотларнинг оммавий пишиб етилиши даврида транспорт воситаларининг танқислиги ҳамда хизмат кўрсатиш нархлари ортиши кузатилган. Айрим умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.  

Муҳокама жараёнида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида сенаторлар, экспертлар ҳамда мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.  

Мажлисда кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА