Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ботаника боғига «Китоб уйчалари» ўрнатилди
16:00 / 2021-05-16

Мамлакатимизда кейинги йилларда китоб тарғиботи, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қабул қилинган «2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури» келажак авлодни ҳар томонлама етук шахслар этиб камол топдиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

“Artel” компанияси яна бир янги лойиҳага қўл урди. Унга кўра, компания томонидан жамоат жойлари, хусусан, истироҳат боғларида «Китоб уйчалари» ўрнатилади. Лойиҳа пойтахтимиздаги Тошкент ботаника боғида 20 та «Китоб уйчалари»ни ўрнатишдан бошланди. Бу ерда сиз истаган китобни олиб мутолаа қилишингиз ва ўзингиздаги китобларни бошқалар билан улашишингиз мумкин бўлади.

- Компаниянинг вазифаси ишлаб чиқариш, мамлакат саноатини ривожлантириш билан бир қаторда халқимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган, – дейди «Artel» корхоналар гуруҳи бошқарув раиси Қобул Тошмуҳаммедов. - Яқинда хотин-қизлар ўртасида «Нилуфар» шахмат турнири ва қизиқарли спорт мусобақалари ўтказиб, ғолибларни муносиб тақдирлаган эдик. Компаниямиз халқники, биз ўз маҳсулотларимиз билан қанчалик халқ ичига кириб бораётган бўлсак, тадбирларимиз, маънавий кўмагимиз билан ҳам уларнинг кўнгилларини нурафшон этишга киришганмиз. Жамоамиз ўз олдига болакайларга қувонч бахш этишни мақсад қилиб олган.

Компания шу кунгача ҳам бу борада қатор ишларга қўл уриб, илм йўлидаги ёшларни доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Пандемия сабаб қатъий карантин қоидаларига амал қилиш даврида инсонлар бир-бири билан мулоқотга киришиш эҳтиёжини сезди. Уйида, оила даврасида қолган инсонлар мутолаа билан вақт ўтказиб, китобга янада яқинлашди. Ушбу лойиҳа орқали компания халқимиз, айниқса, ёшларга илм ва тафаккур манбаини улашишни, улар билан китоб орқали мулоқот ўрнатишни мақсад қилган.

Таъкидлаш керак, ватанпарвар, профессионал кадрларни етиштириб чиқаришда китобхонликнинг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Негаки, китоб инсоннинг билимлар манбаи бўлиши билан бирга унинг яқин дўсти, маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. Китоб ўқиётган инсон фикрлайди ва бевосита ҳар бир қадамининг яхши-ю ёмон томонини ҳисобга олади. Бошқача айтганда, китоб тафаккуримиз манбаидир.

Д. Маматова, ЎзА мухбири