Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБ томонидан йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, соҳавий хизмат вакиллари билан ҳамкорликда жиноятчиликка қарши кураш йўналишида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, бугун – 4 январь куни Бўстонлиқ тумани ҳудудида хизматга жалб этилган вилоят ИИББ ЙҲХБ махсус отряди катта инспектори, капитан Ф.Эргашев 3 январдан 4 январга ўтар кечаси соат 2:00 атрофида Чорбоғ-Сижжак йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Нексия-3” русумли, давлат рақам белгиси 40 Ғ 011 SA бўлган транспорт воситасини текшириш учун тўхтатади.
Ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган ЙПХ инспектори ундан транспорт воситасининг юкхонасини очишни сўрайди. У ерда уч дона ов қуроли ва ўқлар борлиги, қуроллардан фақат биттаси учун ҳужжат борлиги, қолган иккита ов қуролини сақлаш ва олиб юриш учун тегишли ҳужжатлари йўқлиги аниқланади.
ЙПХ инспектори ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, олинган ашёвий далиллар билан бирга туман ички ишлар бўлимига топширади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати