Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов ижодини хотирлаш ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида “Э Воҳ – 2025” адабий фестивали ўтказилди.
Шеъриятнинг асл заргари бўлган шоирнинг бутун ижоди ва меҳнат фаолияти она тилимизни асраб-авайлаш, унга садоқат ва эҳтиром намуналарини кўрсатиш билан чамбарчас боғлиқдир.

Фестиваль доирасида ёш иқтидор эгалари учун ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ҳам ташкил этилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Нордик университети ва бошқа ташкилотлар кўмагида ўтказилган олимпиада ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўрганиш, бу соҳадаги илғор педагогик ёндашувларни тарғиб қилиш, шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган республика миқёсидаги лойиҳа сифатида катта аҳамият касб этди.

Маълумотларга кўра, 12 октябрь куни ўтказилган биринчи онлайн босқич республикамиз бўйлаб 10 минг 507 нафар талабгор-ўқитувчиларни ўзида жамлади. 1 минг 55 нафар иштирокчи-устозлар белгиланган муддатда топшириқларни муваффақиятли якунлади. Шунингдек, Халқаро Нордик университети базасида ҳал қилувчи финал босқич ўтказилиб, 14 та ҳудуддан энг юқори натижа қайд этган беш нафардан (баллари тенг барча) жами 79 нафари иншо ёзиш ва тест синовларида қатнашди.

Шунингдек, фестиваль доирасида педагоглар учун тил ва адабиётнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, устозлар учун методик тақдимотлар ҳамда бадиий дастурлар ташкил этилди. Бўстонлиқ туманида эса олимпиаданинг тантанали тақдирлаш маросими ва “Ўзбек тили байрами”га бағишланган фестиваль бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар вакиллари, хорижий элчихоналар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, Эркин Воҳидов ижод мактаби устоз ва ўқувчилари, таниқли шоир ва адиблар, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Анжуман, аввалида “Э Воҳ – 2025” ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ғолиблари мамлакатимиз таълим ва фан соҳаси раҳбарлари томонидан самимий қутланди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар сертификат, диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Байрамона кечада машҳур адибларнинг нутқлари, таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, ранг-баранг маданий чиқишлар намойиш этилди.

Фестиваль доирасида хорижлик тадқиқотчилар билан давра суҳбатлар ташкил этилиб, ўзбек тили филологиясини ривожлантириш истиқболлари юзасидан илмий мулоқот ҳам ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА.