Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга бўлган кўплаб туристик объектлар мавжуд бўлсада, бир вақтлар машҳур бўлган баъзи туристик объектлар салоҳиятидан тўғри фойдаланилмаганлиги сабабли бугунга келиб қаровсиз ва ташландиқ аҳволга келиб қолган.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Экономист дам олиш зонаси, «Чотқол» санаторийси бино ва иншоотлари, собиқ таянч пункти ва унга туташ ҳудуд, «Лингвистлар» спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, «Сойлиқ» дам олиш зонаси, «Институт» рангли лагер металлар, «Гидроэнергетик» спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, Тиббиёт академиясининг собиқ қароргоҳи, «Зумрадсервис» МЧЖ бино ва иншоотлари, Ғазалкент Сувоқова, «Геобуртехника» ДАТК дам олиш маскани, ҳар хил ўлчамдаги фойдаланилмаётган эски бинолар шулар жумласидандир.
Туризм ва спорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун таклиф қилинган ва республикамизнинг сайёҳлик йўналишларида юқори имкониятларга эга объектлар бўйича Бўстонлиқ туманига инфо-тур ташкил этилди.
Инфо-тур доирасида иштирокчилар Чорвоқ сув омбори бўйлаб тоғли ҳудудлар ҳамда қирғоқдан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган 12 та дам олиш маскани билан яқиндан танишди.
- Мазкур объектларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрдаги қарори билан Бўстонлиқ туманидаги бўш, фойдаланилмаётган ва самарасиз фойдаланилган объектлардан ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, уларни туризм ва сервис инфратузилмаси асосида ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган, – дейди Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Лола Раҳмонбоева. - Шунингдек, қарор билан 26 та йирик дам олиш зонаси ва 35 та бўш турган давлат объекти реализацияга таклиф этилади.
Бугунги кунга келиб барча объектлар оммавий кимошди савдоси орқали реализация қилиниб, уларнинг аксарияти “Э-Ижро аукцион” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади. Шу боис инфо-тур доирасида масъул мутахассислар барча кимошди савдосида қатнашишдан тортиб то кўчмас мулк ҳужжатларини расмийлаштиришга доир саволларга батафсил жавоб берди.
- Бу объектлар тадбиркорларда меҳмонхона мажмуаларини яратиш билан бир қаторда замонавий ва кенг кўламли туристик кўнгилочар хизматларни йўлга қўйишига умид билдирамиз, - деди “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси раҳбари ўринбосари Отабек Бобомурадов.
Сотувга қўйилган ва қўйилиши кутилаётган ер участкалари бўйича бундай инфо-турларнинг ўтказилиши ер участкалари савдоси билан боғлиқ жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ўтишида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур объектларга оид зарур маълумотлар uzbektourism.uz, davaktiv.uz, auksion.uz сайтлари орқали мунтазам ёритиб борилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА