Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўстонлиқ туманида экопункт очилди
18:37 / 2022-10-11

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Қоранкўл қишлоғида сайёҳлардан чиқиндиларни қабул қиладиган экопункт очилди. Мазкур пункт “Чорвоқ” сайёҳлик-рекреацион зонаси ва “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, экопункт дам олувчиларнинг экологик маданиятини ошириш, табиий чиқиндихоналар пайдо бўлишининг олдини олиш ва дам олувчиларни чиқиндиларни ўзлари билан олиб кетишга ундашга хизмат қилади.

Экопунктда чиқиндиларни тўғри топшириш усуллари ва бошқа муҳим маълумотларни ўз ичига олган баннер ўрнатилган.

– Экопункт – коммунал ахлатлардан чиқиндихоналар пайдо бўлишининг олдини олиш йўлидаги кичик бир қадамдир, - дейди “Чорвоқ” сайёҳлик-рекреацион зонасининг стратегик ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алина Абдураззоқова. –Бўстонлиқ туманига бир кунда 45 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюради. Ҳар бир сайёҳ камида битта шиша идиш ёки овқат идишини топширса ҳам, бу чиқиндиларга қарши курашишда катта ғалаба деганидир.

Топширилган чиқиндилар учун меҳмонларга “Чорвоқ” сайёҳлик-рекреацион зонаси раҳбарияти ва ҳамкорларидан канцелярия товарлари ва турли кийим-кечаклар, Угам дарёсида малакали инструкторлар ёрдамида сузиш учун 15 фоизли чегирма сертификати ҳамда бошқа совғалар тақдим этилади.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА