Халқ депутатлари Андижон вилояти Бўстон тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Садбархон Мамитова 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ҳамда 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар хусусида ҳисобот берди.
2019 йилнинг якуний ҳисоботларига кўра, Бўстон тумани рейтинг кўрсаткичи 16.35 балл бахоланиб, сариқ худудлар қаторига тушган эди.
– Жорий йилнинг 9 ойи ҳисоботларига кўра, Бўстон тумани рейтинг кўрсаткичи 19.28 балл баҳоланиб, сариқдан, яшил худудлар қаторига қўшилдик,– деди Садбархон Мамитова. – Туман ҳокими бўлиб келган илк кунимдан муаммоларни ўрганиш учун халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил қилиш бўйича тизимли ишларни бошладим. Телеграм ижтимоий тармоғида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилишлари учун @bostonhokimi телеграм манзили ташкил қилинган. Бу манзил орқали ҳар бир фуқаро менга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши мумкин бўлади ва мурожаат менинг шахсий профилимга келади. Очиғини айтаман, телеграм менга қисқа вақт давомида тумандаги муаммолар, камчиликларимизни кўрсатиб берди ва шу асосида иш режаларимизни тубдан ўзгартиришда туртки бўлди.
Туманнинг 2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 743,6 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига 31 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 3 минг 423 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. 1 декабрь ҳолатига 61,2 миллиард сўмлик 24 та лойиҳа ишга туширилиб, 402 янги иш ўрни яратилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 27,1 миллард сўмлик 15 та лойиҳа амалга оширилди. Унда 222 та янги иш ўрни яратилди.
Мисол учун, “Гулшан” МФЙ ҳудудида "Ширин балиқ кўллари” МЧЖ томонидан балиқни қайта ишлаш лойиҳаси ташкил этилиб, 35 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди.
Ҳисобот даврида 16 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва 12 та корхона томонидан 16,2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллий минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Кўҳинур” МФЙ ҳудудидаги собиқ пахта қабул қилиш пунктида 2 гектар ер майдонига кичик саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилган. яратилиши режалаштирилган.
[gallery-456]
Бўстон тумани банклари томонидан жорий йилда қарийб 26,2 миллиард сўм миқдорида тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 320 та оилага 8,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига 487 нафар фуқаро иш билан таъминланди. “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида 785 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 35 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. 165 нафар 11-синф битирувчисига 2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Туманда 2020 йил бошида ишсизлар сони 4 минг 76 тани ташкил қилиб, ўн ой якуни билан 3 минг 862 нафар аҳоли шундан, 649 нафар ёшлар ва 905 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланган. Норасмий секторда меҳнат қилаётган аҳолини хақ тўланадиган ишларга жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 405 нафар фуқаро хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.
Туманда эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”и шакллантирилди. Дастлаб 1 минг 271 та оила ушбу дафтарга киритилган бўлса, карантин муносабати билан яна 190 та оила ушбу рўйхатга киритилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, оилаларнинг кам таъминланган ёки камбағалликка сабаб бўлишининг энг асосий сабаби сифатида ишсизлик ёки кам даромадли иш билан шуғулланиб келаётганидир.
Пандемия сабаб аввалги иш жойини йўқотганларнинг 67 нафари қайта ишга тикланди, 401 нафар фуқаронинг эса норасмий секторларда бандлиги таъминланди.
“Темир дафтар”даги оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва қўшимча даромадга йўналтириш мақсадида 729 та оилага 49 минг 600 та парранда, 133 та оилага 665 бош қуён ҳамда 120 та оилага 240 бош эчки, 13 та оилага наслли қорамол тарқатилди. 124 та оилага субсидия асосида 1 ва 2 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди.
Мазкур ишлар натижасида бугунги кунда “Темир дафтар”даги оилаларнинг ойлик даромадлари 3 миллион сўмдан ортиши ҳисобига 1 минг 75 та оила аъзолари доимий даромадга эга бўлди.
Электр таъминоти бўйича ишлар ҳалигача аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Жорий йил туманда 11.3 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари қуриш ишлари бажарилди ва 5 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди. 65 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 20 дона трансформатор пункти эса жорий таъмирдан чиқарилди.
Туман аҳолисига жорий йилнинг январь-декабрь ойида 3 минг 896 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режалар 96,5 фоизга бажарилган. Шунингдек, жорий йилда эҳтиёжманд аҳолига 750 дона маиший газ баллонлари ҳам етказиб берилган.
Коммунал соҳаларда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда аҳолига етказиб берилган электр, табиий газ ва ичимлик сувидан бўлган қарздорликлар ҳам ортиб бормоқда. 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳолининг электр энергия истеъмолидан қарздорлиги 3,9 миллиард сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 100 миллион сўмга, табиий газдан умумий қарздорлик 147 миллион сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 215 миллиард сўмга ортган.
Сессияда келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА