Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўстонда Ўзбекистонда ягона сут соғиш технологияси жорий этилган
10:57 / 2020-12-16

Андижон вилояти Бўстон тумани маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати, аҳоли даромади, инвестиция муҳити каби йўналишлар бўйича самарадорлик ортиши ҳисобига “қизил”дан “сариқ” ҳудуд тоифасига кирди.

Жумладан, туманда 1 декабрь холатига 61,2 миллиард сўмлик 24 та лойиҳа ишга туширилиб, 402 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида 37,1 миллиард сўмлик 15 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Ана шундай лойиҳалар доирасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “RASH-MILK” МЧЖ қошидаги наслли чорвачилик хўжалигига Германидан қиймати 1 миллион евро бўлган замонавий сут соғиш аппарати олиб келинди.  

Хўш, унинг афзаллиги нимада?

– Бу технология мамлакатимизда биринчи бизда қўлланилмоқда, – дейди наслли чорвачилик комплекси раҳбари Яҳёбек Жўраев. – Мазкур аппарат бир пайтнинг ўзида 60 сигирни, кунига 3 минг қорамолни 3 маҳал соғиш имкониятига эга. Бунинг афзаллик томонларидан яна бири – электр энергияни тежайди. Энг асосийси, фермер хўжалигидаги моллар ҳақидаги маълумотларни базага автоматик узатади. Ушбу маълумотлар асосида касал молни ажратиш олиш мумкин. Молларни вақти келганда сунъий қочириш жуда муҳим, чунки ферманинг рентабеллиги шунга боғлиқ. Ҳозирда наслли чорвачилик фермаси бўлгани учун бузоқларни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Илгари Германия ва Польшадан моллар импорт қилинган бўлса, ҳозирда сунъий урушлантириш орқали кўпайтиряпмиз. Айни пайтда бу ерда 2 минг 250 бош наслли мол боқилмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ёгурт маҳсулотини ишлаб чиқариш учун жаҳон стандартлари асосида сут қайта ишлаш, тоза ва сифати юқори сут соғилиши керак. Ушбу аппарат худди шу талабга жавоб беради. Экспортга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

“RASH-MILK” корхонаси 2003 йилда ташкил этилган. Айни пайтда юртимизда мазкур корхона маҳсулотлари кириб бормаган хонадон кам топилса керак. Табиий, маҳаллий тоза сутдан тайёрланган, сифатли ва мазали “RASH-MILK” бренди остидаги маҳсулотлар жуда машҳур.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликка кенг йўл очиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар олиб кириш, рақобатбардош маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва саноатда кластер усулидан фойдаланиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича деярли ҳар чиқишларида таъкидлаб, бу борада муҳим вазифалар белгилайди. Бу “RASH-MILK” жамиятида ҳам янги даврни бошлаб берди.

Корхона қошида наслли чорвачилик хўжалиги ташкил этилган бўлиб, унда Германия давлатидан келтирилган зотдор қорамоллар парваришланмоқда. Хўжаликда етиштирилаётган сутни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолатига келтиряпти. Жамият бу билан чекланиб қолмади. Импорт ҳажмини янада камайтириш мақсадида сутни қайта ишлаб қадоқлашда ишлатиладиган керакли идишларни ҳам ўзида ишлаб чиқармоқда. Бир сўз билан айтганда “RASH-MILK” корхонасида қорамолларни парваришлаш, сут хомашёсини олишдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқични ўзида мужассам этган кластер усули жорий этилган.

[gallery-463]

 Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган сутни қайта ишлаш заводида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг аксарияти ёшлар. Корхонада 250 нафардан зиёд йигит-қизлар иш билан таъминланган. 60 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқараётган корхона кунига 150 тоннадан ортиқ сутни қайта ишлашга қодир. Корхона бир нечта фермер хўжаликлари билан шартнома тузиб, мазкур фермалар корхонани сут билан таъминлайди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА