Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Босмахоналар “Садои Туркистон” газетасининг буюртмаларини нега қабул қилмаган эди?
08:30 / 2020-12-21

Ватанимиз тарихидаги 21 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси энг қисқа кундуз ва 17 соат давом этадиган энг узун тун содир бўлади. Қишнинг бу энг узун ва қоронғи кечаси Ялдо кечаси дейилади.

1232 йил (бундан 788 йил олдин) – тарихчи олим Зиё Буниёдовнинг ёзишича, мўғуллар Исфаҳонга бостириб келганида бир мўғул хазина излаб, атоқли қасидагўй шоир, олтмиш ёшли Камолиддин Исмоилни ўлдирди. У сўнгги рубойисини ўз қони билан ёзди. Бу вақтда султон Жалолиддин Мангуберди оламдан ўтган, мўғуллар зулми авжига чиққан эди.

Гўзал маъноларни очгани учун Камолиддин “Ҳаллоқи маоний” (“Маънолар яратувчи, ижодкор”) лақабини олган. У хоразмшоҳлардан Такаш, Алоуддин Муҳаммад, Жалолиддин Мангуберди, Ғиёсиддин Пиршоҳ, Форс отабеги Саъд ибн Зангий ва унинг ўғли Абу Бакрларга атаб қасидалар ёзган.

1526 йил (бундан 494 йил олдин) – Бобурга қарши суиқасд уюштирилди. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради.

1913 йил (бундан 107 йил олдин) – Убайдулла Асадуллахўжаев Тошкентда маҳаллий тилда “Садои Туркистон” номли газета чиқаришга рухсатнома олди. Маҳаллий тилда чиқадиган ушбу газетанинг кенг омма ўртасидаги улкан аҳамиятини ҳисобга олиб Туркистон генерал-губернатори давлат босмахоналарига бу газетани чиқариш бўйича буюртма қабул қилмаслик тўғрисида фармойиш берди. Оқибатда газета 1914 йил февралидагина чиқа бошлади.

1931 йил (бундан 89 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдуали Ғаниев дунёга келди (вафоти 1999 йил).

1942 йил (бундан 78 йил олдин) – тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг ёзишича, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидаги даҳмаларни очиш учун тузилган Ҳукумат экспедицаяси Самарқандда ўз ишларини тугаллади. Ҳукумат экспедицияси томонидан 1941 йилда Темур, Улуғбек, Шоҳрух, Мироншоҳ, Муҳаммад Султонларнинг қабрлари очилиб, суяк ҳамда бошқа буюмлар олинди ҳамда кейинчалик суяклар қазилган пайтида қандай учратилган бўлса, худди шу тартибда жойлаштирилди.

Ҳукумат экспедицияси томонидан олиб борилган барча ишлар ҳужжатлаштириб борилди. Актлар ўзбек, рус, форс ва инглиз тилларининг ҳар бирида беш нусхада хитой бўёғи билан XVII–XIX асрларда тайёрланган Самарқанд, Бухоро, Қўқон қоғозларига битилди. Тўрт тўплам акт ҳар бири алоҳида ҳолда найсимон қилиб эшилиб, уч жойдан ипак ип билан боғланди. Ҳар бир ўрам алоҳида махсус тайёрланган шиша идишларга солинди. Ҳар бир шиша идишнинг ичига бир томчидан симоб қуйилди. Идишларнинг ичига азот солиниб, унинг очиқ томони кавшарланди.

Ҳар бир шиша идиш махсус ясалган мармар ғилофларга солинди ва ғилофнинг қопқоғи ганч билан мустаҳкамланди. Темур, Улуғбек, Шоҳрух ва Муҳаммад Султонларнинг қабрларига биттадан актлар солинган шишалар жойлаштирилди. Шу ишлар тамом бўлгач, қабрларнинг устидаги ёзувли тошлар қайтадан ўз жойларига, худди аввалгидек ўрнатилиб, ганч ёрдамида мустаҳкамланди. Мироншоҳнинг қабри устида мармар тош бўлмаганлиги учун у тупроқ билан тўлдирилиб, устига ғишт терилди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига аъзо бўлди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон суверенитетини тан олди.

1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (биринчи қисми) тасдиқланди. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

2004 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2004 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўзи ожизлар учун Брайл ёзувида нашр этилган 8 жилдлик Қуръони каримнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Миср ва Тунисдан кейин жаҳоннинг учинчи мамлакати – Ўзбекистонда нашр этилган мазкур китоб ногиронлиги бўлганлар учун бебаҳо туҳфа бўлди.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга асосан август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади