Бугун сунъий интеллект жамиятнинг турли соҳаларига жадал кириб бормоқда. Электрон оммавий ахборот воситалари эса аллақачон бу тизим имкониятларини ишга солиб, самарали натижалар олишга ҳам улгурди. Айни кунда босма нашрларда ҳам сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга киришилмоқда.
Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Қир” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ана шу масалага бағишланган “Босма оммавий ахборот воситаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва масъулияти” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Тошкент вилоятидаги газета ва журналларда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳамда ёш қаламкашлар иштирок этди.

Семинарни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”да белгилаб берилган вазифалар, босма ОАВда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали иш сифати ва самарадорлигини ошириш йўллари хусусида сўз юритди.

Семинарда “Янги медиа таълим маркази” директори, тажрибали журналист Беруний Алимов мавзу бўйича маъруза қилиб, босма ОАВда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, айни жараёндаги масъулият ва янгиликлар бўйича маълумот берди.
Эътироф этилганидек, газета ва журналларнинг шрифтларини айни замон талабига мослашда маслаҳатлар олиш, қандай шрифтлар урфда эканлигини билиш, газета ва журналларнинг кўримлилиги, кўзга ташланиб туриши, ўқувчиларни газетадан бездирмайдиган ранглардан фойдаланиш, нашрда реклама бериш сирлари, ҳар қандай реклама турларини газетага мослаштиришни ўрганиш, трендда бўлиб турган мавзуларни аниқлаш кабиларда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин.

Тадбирда сунъий интеллектни босма ОАВда қўллаш жараёнида журналистдан ҳушёрлик ва масъулиятни талаб этадиган жиҳатлар ҳам борлиги қайд этилди. Жумладан, бу ақлли тизим яратган контент янглиш ёки бир томонлама бўлмаслиги учун инсон назорати керак, яратилган контент муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслиги лозим, сунъий интеллект ёрдамида сохта маълумотлар ҳам тарқатиш мумкинлиги сабабли, ахборотнинг ҳаққонийлигини таъминлаш муҳим. Шунингдек, журналистикада сунъий интеллектдан фойдаланиш ахлоқий тамойилларга мувофиқ бўлиши керак.
Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда АОКА Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Шаҳбоз Низомиддинов, “Тошкент ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Тўхтамурод Ҳасанбоев, “Эркин сўз” газетаси мухбири Элмурод Мирзааҳмедов, “Чиноз ҳаёти” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Абдужалол Раҳимов ва бошқалар мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини, таклиф ҳамда тавсияларини билдирди. Бундай тадбирлар газета ва журналларда фаолият олиб бораётган журналистларнинг сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича билим ва малакаларини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Семинар якунида бу каби семинарларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири