Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошқарувнинг янги ёндашувлари: халқаро тажриба, мулоқот ва ҳамкорлик
15:42 / 2024-02-01

Бугун Тошкентда Халқаро бошқарув форуми бўлиб ўтди. Учинчи бор ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия давлатларидан экспертлар, амалиётчилар, шунингдек, йирик ва ўрта бизнес эгалари ва раҳбарлари, HRD ва HR департаменти ходимлари, функционал бўлимлар етакчилари, корпоратив университетлар ва ўқув марказлари директорлари иштирок этди.

Форумда М.В.Ломоносов номидаги МДУ хизмат кўрсатган профессори Тоҳир Бозоров, италиялик эксперт Леонид Кроль ва бошқалар бошқарувнинг янги ёндашувлари, профессионал алоқалар тармоғини кенгайтириш, илғор технологиялар билан танишиш ва ходимларни бошқариш билан боғлиқ инновацион усуллар ҳақида сўз юритди. 

Таъкидлаш керакки, бошқарувни тўғри ташкил этиш ва унинг давр талабига мослиги ҳар бир соҳа учун муҳим ва бу юқори самарадорликнинг калити ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда олимлар ва тадқиқотчилар бошқарувни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилишга аҳамият қаратмоқда. Негаки, инсон фаолияти маълум рағбатлантирувчи омилларга асосланган. Бу эса уни ҳаётга ва ишга бўлган муносабатини фаоллаштиришга хизмат қилади. 

Тошкент халқаро бошқарув форуми ташкилотчиси Тимур Ядгаровнинг қайд этишича, ушбу тадбир барча иштирокчилар учун ўзаро мулоқот ва тажриба майдонини яратиб берди. 

–Таъкидлаганимиздек, мазкур форум Тошкентда учинчи маротаба ташкил этилди ва биз учун бу тадбир муҳим ҳисобланади. Чунки бизнинг мақсадимиз дунё бўйича бошқарувнинг қандай технологиялари ва усуллари бўлса, биз айнан шу методикаларни жамият ҳаётига татбиқ этишга ҳаракат қиляпмиз. Шу сабабли, тадбирга мамлакатимиздаги энг илғор ташкилотлар, банклар ва корхоналар раҳбарлари ва мутахассисларни таклиф этдик. Улар хориждан келган экспертлар билан мулоқот қилиб, бошқарув тажрибасини ўрганмоқда. Форум доирасида бир вақтнинг ўзида 20 дан ортиқ маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўйлайманки, бу маҳаллий иштирокчилар учун қулай имконият бўлди, – деди Т.Ядгаров. 

Форумда иштирокчилар трансформация ва ўзгаришларни бошқариш, инновациялар ва корпоратив маданият, экспатлар ва маҳаллий жамоаларнинг ўзаро ҳамкорлиги, оилавий компанияларда корпоратив бошқарув, стартаплар ва венчур инвестициялар, жамоа маблағларини бошқариш каби ҳар бир раҳбар учун долзарб бўлган масалаларда фикр алмашди. Шунингдек, бошқарувнинг янги ёндашувлари ва воситалари ҳақидаги билимларга эга бўлиш, профессионал алоқалар тармоғини кенгайтириш, илғор технологиялар билан танишиш ва ходимларни бошқариш билан боғлиқ инновацион усулларни ўрганиш имкониятлари бўйича муҳокамалар ҳам иштирокчилар учун қизиқарли бўлди. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА