Режалар қўйиш ва уларни бажариш, режа бажарилганда эса, қарсак чалиш амалиёти яқин ўтмишга хос хусусиятлардан бири. Бу эскилик сарқити ҳозирги кунда йўқолиб кетди, дейиш қийин. Ҳамон режа орқасидан қувиб юрган, аммо натижа кўрсатмаётган соҳалар бор.
Шу сабабли ҳам бундай ҳолатларга бутунлай чек қўйиш мақсадида “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Иқлим ўзгариши шароитида аграр соҳада давлат хизмати ва бошқарув самарадорлигини ривожлантириш департаменти бошлиғи ўринбосари Азизилло Ҳамдамов ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича бошқарув самарадорлиги қандай йўлга қўйилаётгани ҳақида гапириб берди:
– Иқтисодиётнинг ўсиш суръати ва аҳолининг ҳаёт сифати ошиши қишлоқ ва сув хўжалиги, экология соҳалари билан бевосита боғлиқ. Ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги, экологик босимнинг ортиб бориши замонавий сервис тамойилларига асосланган янгича бошқарув тизимига ўтишни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлат бошқарувида натижага асосланган тизимни жорий этишга қаратилган Президент фармонининг аҳамияти беқиёс.
Шу асосда бошқарувда натижадорлик бош мезон қилиб белгиланди. Давлат органларидан аниқ натижаларга эришиш талаби қўйилди.
Жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология соҳаларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, соҳавий дастурлар ижросида жавобгарлик кучайтирилмоқда. Реал иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирни таъминлаш, давлат органлари фаолиятини аҳоли, фермерлар ва атроф-муҳит манфаатларига хизмат қилдириш каби натижага йўналтирилиш мақсади қўйилди.
Айнан шу мақсадлар агросаноат мажмуини оқилона бошқариш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан аграр соҳада кўрсатиладиган хизматлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Агросаноат мажмуидаги бюджет ташкилотларига тегишли бино ва иншоотлар рўйхати шакллантирилади. “Ягона дарча” тамойили асосида агрохизматлар кўрсатувчи ташкилотларни ягона бинога жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)лар”да ушбу тизим жорий этилади.
Мазкур чоралар қишлоқ хўжалигида хизматлар сифатини яхшилаш, уларни бир марталик ва тизимли мониторинг қилишни ташкил этиш, фермерлар ва бошқа агробизнес субъектлари учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Шу мақсадда Шароф Рашидов туманида ўтказилган таҳлиллар, агрокомплекс таркибига кирувчи ташкилотлар тарқоқ жойлашгани, фаолияти маъмурий-бошқарувга йўналтирилгани, хизмат кўрсатиш самарали ташкил этилмаганини кўрсатди. Фермерлар ўз фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан бир нечта ташкилотларга алоҳида мурожаат қилиши ортиқча вақт ва маблағ сарфига сабаб бўлиб, хўжалик юритиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатган.
Шуни инобатга олиб, туманда “ягона дарча” тамойили асосида агроинтеграция маркази ташкил этилмоқда. Марказ қошида сунъий интеллект технологиялардан фойдаланган ҳолда ситуацион-таҳлилий марказ ва дрон хизмати йўлга қўйилади. Бунда, туман агрокомплекс ташкилотлари ягона бинога жойлаштирилади, хизматларни кўрсатиш сифати ошади, комплекс тарзда иш ташкил этиш имкони яратилади.
Натижада агрохизматлар кўрсатиш жараёни 2-3 баробар тезлашади. Мурожаатларни кўриб чиқиш вақти қисқаради. Идоралараро ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви яхшиланади. Бошқарув самарадорлиги таъминланиб, давлат идораларига ишонч ортади.
Ушбу тизим 2026-2027 йиллар давомида Янги Ўзбекистон қиёфасидаги 33 туман (шаҳар)да жорий қилинади.
Наманган ва Сурхондарё вилоятлари марказларида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 14 бошқарма ягона агрокомплексга бирлаштирилиб, “Ягона дарча” тамойили асосида 80 дан ортиқ хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг молиявий мустақиллигини кучайтириш орқали соҳани бошқариш тизими натижадорлигини оширишга қаратилган аниқ чоралар амалга оширилади.
Сув хўжалигида натижага асосланган бошқарув тизими сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа соҳалар билан интеграцияни яхшилаш учун асос яратади.
Умумий бошқарув тизимида сув хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идоралар ҳам самарадорлик кўрсаткичлари, масъулият ва интеграция асосида иштирок этади. Демак, қишлоқ хўжалиги сув таъминоти, ирригация ва мелиорация тадбирларини самарали ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ бошқарув жараёнлари яхшиланади.
Фармонга мувофиқ, Бошқарув самарадорлиги агентлиги умумий мувофиқлаштируви остида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича барча давлат органлари билан ҳамоҳангликда амалга ошириладиган чоралар режасида иштирок этади. Бу эса агросаноат мажмуи субъектларини бошқарув мезонлари бўйича баҳолашга ва мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Натижада аграр секторда, жумладан сув ресурсларидан фойдаланиш тизимида ҳам самарадорлик ошади.
Натижага асосланган бошқарув тизимининг моҳияти шундан иборатки “Қанча иш қилинди?” эмас, балки “Қандай натижага эришилди?” деган ёндашув устувор бўлади.
Бунда, ҳар бир вазирлик, идора ва ҳудуд учун аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланади. Бюджет маблағлари ва ресурслар натижа билан боғлаб ажратилади. Ҳисоботлар фақат бажарилган ишлар рўйхати эмас, амалдаги самарани акс эттиради. Раҳбарлар ва масъул шахслар эришилган натижа учун шахсий жавобгар бўлади.
Натижага асосланган бошқарув тизими қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатини яхшилаш, соҳада хизматлар самарадорлигини ошириш, агротехнологияларни жорий этиш натижасини ҳамда давлат кўмагининг ҳақиқий таъсирини аниқ баҳолаш имконини беради, фермер манфаати бозор талаби билан уйғунлашади.
Мазкур тизим сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ошириш, сув йўқотишларини камайтириш, мелиоратив тадбирлар самарадорлигини реал баҳолаш, сув таъминотида адолат ва шаффофликни таъминлаш, соҳага йўналтирилаётган инвестиция ва бюджет маблағлар самарасини аниқлашда муҳим ҳисобланади. Бу орқали “сув бор – натижа йўқ” деган ҳолатларга чек қўйилади.
Экология йўналишида натижага асосланган бошқарув атроф-муҳитга таъсир этувчи омилларни аниқ ҳисобга олиш, ҳаво, сув ва ер ифлосланишини камайтириш бўйича реал натижаларни баҳолаш, экологик дастурларнинг формал эмас, амалий самарасини таъминлаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилишда жавобгарликни кучайтириш имконини яратади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА