Бугунги кунда фан, таълим ва ишлаб чиқаришда инсон омилидан самарали фойдаланиш муаммоларини ҳал этишга комплекс ёндашувни таъминловчи иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида инсон ресурсларини бошқариш масаласи тобора муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Жорий йилнинг 8 август куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” Қонуннинг 42-моддасида Давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда оширишдан мақсад, унинг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган билимлар, кўникмалар ва малакаларни эгаллаши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Қолаверса, малака ошириш давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини оширишга ва мунтазам равишда янгилаб боришга қаратилган таълим жараёни сифатида белгиланди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги ҳамда Давлат бошқарув академияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимлари учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.
Мазкур малака ошириш курсларидан кўзланган мақсад, ҳудуд даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари бошқарув ходимларининг назарий билим ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.
Малака ошириш курси давомида масъул раҳбарларга 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти, кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги туб ўзгаришлар, инсон капиталини ривожлантириш, узлуксиз таълим, Давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилаётган танловлар жараёнида юзага келган муаммолар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, меҳнат муносабатлари, замонавий кадр технологиялари каби мавзуларда маърузалар, вебинарлар ташкил этилмоқда.
Ўқув-машғулотлари давомида малакали тренерлар томонидан семинар-тренинглар, очиқ мулоқотлар ташкил этилиши илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш орқали тингловчиларнинг ҳам касбий ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Албатта, мамлакатда давлат хизматчиларининг касбий даражаси ва интеллектуал салоҳияти юқори даражада бўлиши иқтисодиёт секторида инновацион фаолиятни ривожлантиришга замин яратиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шерзод Жумаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилоят филиали раҳбари ўринбосари.
ЎзА