Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошқарув тизимида гендер тенгликни таъминлаш механизмлари
12:03 / 2026-01-28

Тошкент шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Бошқарув тизимида гендер тенгликни таъминлаш механизмлари: гендерга оид аудит тамойиллари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова аёл-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини эътироф этди.  

Таъкидланганидек, гендер тенгликни таъминлаш бошқарув тизимида самарадорлик, адолат ва ҳисобдорликни оширишнинг муҳим омили бўлиб, гендерга оид аудит эса давлат органларида мавжуд жараёнлар ва қарорлар қабул қилиш амалиётини холис баҳолаш ҳамда аниқ такомиллаштириш чораларини белгилашга хизмат қилади.  

Мазкур семинар давлат органлари ва идоралари вакилларининг гендерга оид аудит соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.  

Тадбир доирасида иштирокчилар Халқаро меҳнат ташкилотининг фаол иштирок (participatory) тамойилига асосланган гендерга оид аудит методологияси,  аудитни босқичма-босқич ўтказиш механизмлари (тайёргарлик, маълумот тўплаш, таҳлил, хулосалар ва тавсиялар), аудит натижаларидан самарали гендер сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда фойдаланиш йўллари бўйича атрофлича фикр алмашди.  

Шу билан бирга институционал тизимларда инклюзив ёндашувлар, гендерга сезгир режалаштириш ва мониторинг масалалари билан танишди.  

Семинарда амалий машғулотлар ва муҳокамалар орқали давлат ташкилотларида ички тартиб-таомиллар, кадрлар сиёсати, хизмат жараёнлари ҳамда ҳужжатлар айланишида гендерга сезгир ёндашувни кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.  

Тадбир давлат бошқарувида ҳисобдорликни кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда институционал тизимларда инклюзив ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.

Семинар ОТБнинг Ўзбекистонда самарали, адолатли ва гендерга сезгир бошқарувни ривожлантиришга қаратилган техник кўмагининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.  

Ўқув-семинар якунида иштирокчилар гендерга оид аудитни ўтказишда зарур бўлган асосий воситалар ва амалий ёндашувлар бўйича билимларини мустаҳкамлаб, ўз фаолиятида ушбу методологиядан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди.

Н.Усмонова,  

ЎзА