Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Хоразм вилоят бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Янги бино нафақат бу ерда ишловчи ходимлар учун, балки бу даргоҳга турли мурожаатлар билан келувчи аҳоли учун ҳам қулайлик яратди.Чунки, ушбу бинода Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси, Урганч шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Тиббий-ижтимоий экперт комиссиясининг вилоят бошқармаси, Урганч шаҳар Тиббий-ижтимоий экперт комиссияси ҳамда Ижтимоий инспекциянинг вилоят бошқармаси фаолият олиб боради. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларга бир жойдан хизмат кўрсатиш имконини беради.
Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Жамшид Абруев, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
– Бугун ижтимоий ҳимоя давлатимиз томонидан юритилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим ва устувор йўналишига айланди, –деди Жўрабек Раҳимов. – Президентимиз томонидан илгари сурилган “ижтимоий давлат барпо этиш” ғояси кўп миллатли халқимизнинг якдил қўллаб-қувватлаши билан бир қаторда янгиланган Конституциямизда алоҳида тамойил сифатида қайд этилди. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди. Ўзбекистон - ижтимоий давлат деб белгиланди.
“Маҳалла еттилиги” таркибига ижтимоий ходимлар киритилганлиги сабабли, 104 та (ўтган йили 49 та эди) ижтимоий хизматлар маҳалла даражасига туширилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг 75 фоиз муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш имконияти яратилди.
– Ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 тоифадаги оилалар (аҳоли) билан манзилли ишлар олиб борилмоқда,– дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Бердиев. – Бугунги кунда вилоятда ногиронлиги бўлган шахслар сони 63 минг нафарни ташкил қилади. Ижтимоий ҳимоя тизимининг ташкил этилиши натижасида уларнинг 6 мингдан ортиғи реабилитация воситалари ва протез ортопедия мосламалари билан таъминланди. Мингдан ортиғи вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш марказида даволанди. Тўрт ярим минг нафарининг бандлиги таъминланди. Олти минг нафари оммавий спорт ҳамда адаптив спорт турларига жалб қилинди.Тўрт минг нафар қаровчиларга парваришлаш нафақаси тайинланди.
Фойдаланишга топширилган янги бино юртдошларимизга ижтимоий хизмат ва ёрдамларни бир нуқтада, самарали ва шаффоф шаклда кўрсатади.
[gallery-25017]
Ҳар томонлама замонавий архитектурага асосланган бинонинг қурилиши учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Урганч шаҳри марказида жойлашган бино транспорт қатнови учун қулай. Ногиронлиги бор бўлган шахслар учун бинога кириб - чиқишда зарур барча жиҳатларга эътибор берилган. Хусусан, кўзи ожизлар учун тактил қопламали йўлаклар бинонинг ҳам ички, ҳам ташқи қисмида мавжуд. Шунингдек, пандуслар, баланд қаватга кўтарилиш учун махсус лифт, ногиронлиги бор бўлган шахсларга мослаштирилган санузеллар мавжуд. Бинода ногиронлиги бўлган шахслар учун тўлиқ тўсиқсиз муҳит яратилган бўлиб, махсус инфратузилма ишлаб чиқилган.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари